Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хавфсиз туризм инспекторларининг вазифалари нималардан иборат?

Хавфсиз туризм инспекторларининг вазифалари нималардан иборат?

Самарқандда хавфсиз туризм инспекторлари иш бошлади.

Фото: «ЎзА»

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги қарори билан Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси тасдиқланган эди.

Самарқанд вилояти ИИБ жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи маълумотига кўра, Самарқандда ҳам хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилган. Бошқарма учун алоҳида бино ажратилиб, бугунга қадар 50 га яқин ходим ишга қабул қилинган. Инспекторлар транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланмоқда, деб хабар берди «ЎзА».

Ходимлар сафига Самарқанд давлат чет тиллар институтини битираётган, инглиз, француз, япон, корейс ва бошқа хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ҳамда тарихимиз, қадимий обидаларимиз ва миллий қадриятларимиз ҳақида чуқур билимга эга бўлган талабалар ҳам суҳбат асосида қабул қилинмоқда.

Фото: «ЎзА»

Хавфсиз туризмни таъминлаш хизмати ходимлари тиббиёт қутиси, Самарқанднинг тарихий обида ва маданий объектлари схемаси бўлган кичик харита билан таъминланган. Улар асосан туристлар гавжум бўладиган жойлар, тарихий обидаларда иш олиб боришади.

– Бизнинг фаолиятимиз сайёҳлик масканларида хавфсиз туризмни ташкил этишдан иборат, – дейди инспектор Фотима Раҳматова. – Бу фақат сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш эмас, балки уларга зарур ёрдам кўрсатишни ҳам назарда тутади. Мисол учун, бирор-бир сайёҳнинг тоби қочса, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохона ёки меҳмонхонага етказиш, адашиб қолган сайёҳларни улар излаётган манзилга кузатиб қўйиш ҳам хизмат вазифамизга киради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг