Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитой биринчи очиқ сунъий йўлдошни ишга туширмоқчи

Хитой биринчи очиқ сунъий йўлдошни ишга туширмоқчи

Фото: «Труд»

Хитой Фанлар академияси жорий йилнинг охиригача илк очиқ манбали сунъий йўлдошни орбитага чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Hi-news.ru» нашри хабар бермоқда. «Tianzhi-1» аппарати яқин келажакда учирилиши керак бўлган шундай йўлдошлар гуруҳининг биринчи элементи бўлади.

«Tianzhi-1» сунъий йўлдоши бундай қурилмаларнинг келажакдаги тармоғи учун космосга асосий элемент сифатида юборилади. Бу унинг асосий технологияларини синаб кўриш учун ишлатилади. Биз ҳар йили биттадан шундай қурилмани ишга туширишни режалаштираяпмиз», — дейди Фанлар академияси тадқиқотчиси Зҳао Жунсо.

«Tianzhi-1» булутли ҳисоблаш платформаси билан жиҳозланади. Фойдали ҳисоблаш тизими сифатида Хитойда ишлаб чиқарилган тўртта смартфонни ишлатади. Сунъий йўлдош бир неча асосий дастурлаш тиллари билан ишлашга қодир.

Жунсонинг маълумотига кўра, ушбу лойиҳа бўйича иш 2017 йилда бошланган. Бошқа сунъий йўлдошлардан фарқли ўлароқ, «Tianzhi-1» алоҳида вазифаларни бажариш учун эмас, балки турли фойдаланувчиларнинг эҳтиёжлари учун кўп тармоқли платформа сифатида ишлатилиши мумкин. Қурилмада турли вазифаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган учинчи авлод дастурий таъминотини ишлаб чиқиш, уни сунъий йўлдош компютерига юклаб олиш ва ишлатиш мумкин бўлади.

Масалан, рўйхатга олинган экологик ташкилотлар сув сатҳини орбитадан суратга олиш учун қисқа вақт ичида сунъий йўлдошни «ижара»га олишлари ва уларни таққослаб, денгиз ва океанларнинг ифлосланиш даражаси бўйича тадқиқот ўтказишлари мумкин. Ишлаб чиқарувчиларнинг фикрига кўра, сунъий йўлдошнинг такомиллаштирилган операциялари уни ишлатиш самарадорлигини сезиларли даражада оширибгина қолмасдан, балки турли тадқиқотлар харажатларини ҳам камайтиради.

«Tianzhi-1»нинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, у турли фойдаланувчилар томонидан тўпланган маълумотни Ерга юборишдан олдин уларни қайта ишлаш имконига эга бўлади. Бунга қўшимча равишда, қурилма автоном режимда ишлайди, бу эса ердаги бошқарув марказига тушадиган юкламани камайтиради.

Хитой Фанлар академиясининг такидлашича, ҳозирги пайтда «Tianzhi-2» ва «Tianzhi-3» қурилмаларини ривожлантириш давом этмоқда. Келажакда бу очиқ сунъий йўлдош тармоғидан «Sputnix» деб номланган ягона бирлашган интеллектуал орбитал тизимни яратиш режалаштирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг