Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги эра. Инновациялар дунёни янада яхшилашга хизмат қилади

Янги эра. Инновациялар дунёни янада яхшилашга хизмат қилади

Юқори технологиялар даврида яшаяпмиз.

Фото: «Shutterstock.com»

Авваллари одамлар технология деганда мураккаб нарсани тушунган бўлса, ҳозир инсон ҳаётининг барча бўғинларига инновацион ечимлар кириб борди. Инсоният экология, соғлиқни сақлаш, илм-фан ва техника ривожланишида ҳақиқий инқилобга гувоҳ бўлмоқда. Уларнинг аксарияти ҳаётимиз сифатини яхшилашга ва мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилган. Шу билан бирга, кўплаб қизиқарли ташаббуслар бизнес тарафидан амалга ошириляпти: улар истеъмолчилар ҳаётини тубдан ўзгартириш ва яхшилашга интилаётган трансмиллий компаниялардир.

Бензин ўрнига электр энергияси

Экологик муаммоларни ҳал этишда замонавий автомобил саноатининг ривожланиши катта ҳисса қўшяпти. Йилдан йилга ушбу соҳадаги инновацияларга бўлган эҳтиёж кучайиб боряпти. Ўтган ўн йил ичида автомобилсозлик саноати технологик жиҳозлаш ва атмосферага зарарли чиқиндиларни тарқатиш соҳасида юқори ўсишларни амалга оширди.

Detroit Electriс SP:01.
Фото: «Detroit Electriс»

Ривожланган мамлакатларда автомобилларнинг атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирига жиддий қараляпти, шу сабабли ишлаб чиқарувчилар муаммога ностандарт ечимларни таклиф қилишмоқда. Масалан, «Volvo» компанияси 2019 йилдан бошлаб анъанавий ички ёнув двигателли машина ишлаб чиқармаслигини баралла эълон қилди. Икки йилдан сўнг компания уч турдаги автомобилларни ишлаб чиқаради: мутлақ электрлаштирилган, «плагин-гибрид» (оддий гибрид машиналардан ўзининг кучли электромотори ва кенг сиғимли аккумулятори билан ажралиб турувчи) ҳамда «юмшоқ гибрид» (бунда бензин двигатели электромотордан устун).

Ушбу баёнот ички ёнув двигатели билан жиҳозланган автомобиллар даврининг якунланишига олиб келади. Одамлар борган сари электродвигателли автомобилларни сотиб олишни хоҳламоқда ва биз жорий ҳамда келгуси йилларда мижозларимиз эҳтиёжини қондиришни истаймиз.

Хакан Самуэлссон, «Volvo Сарs» бош директори

Дунё тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, «Volvo»нинг қарори яқин келажакда бошқа ишлаб чиқарувчиларни атроф-муҳитга зарар етказмайдиган автомобил ишлаб чиқаришга рағбатлантириши мумкин.

Ишлаб чиқарувчилар янги автомобилларнинг экологик тозалигини таъминлаш билан бирга, уларнинг автоном ҳаракатланишда анча хавфсиз бўлишини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Масалан, «Nissan» компаниясининг президенти ва бош ижрочи директори Карлос Гон АҚШдаги «Consumer Electronics Show 2017» (CES 2017)да «Seamless Autonomous Mobility» (SAM) деб номланган янги технологияни тақдим этди. Бу технология тўғридан-тўғри «тўсиқсиз автоном мобиллик» дея таржима қилинади. Ушбу ҳайдовчисиз бошқариладиган технологиянинг ўз рақибларидан фарқи у йўлдаги ҳар қандай кутилмаган вазиятни тирик оператор ва сунъий интеллект ёрдамида ҳал қилади.

Бунга «Nissan» робот-автомобил йўлдаги вазиятни таний олмаслигини мисол қилиб келтирди. Масалан, авария ҳолатида автомобиллар ҳаракати йўл ҳаракат хавфсизлиги ходимлари томонидан назорат қилинади. Бундай ҳолларда ақлли автомобил бошқарувни вақтинча мобил менежерга топширади, у эса машинадаги радар, сенсор ва камера маълумотлари ёрдамида айланиб ўтиш маршрутини «чизиб бериб» керакли қарорни қабул қилади. Натижада компютер таҳлили ва менежернинг ҳаракати барча SAM автомобилларига юборилади, бу эса уларда тизимни «мустақил ўрганиш» жараёнини таъминлайди. Қизиқ жиҳати, технология «NASA»нинг виртуал тадқиқотни масофадан туриб бошқаришга мўлжалланган «Visual Environment for Remote Virtual Exploration» (VERVE) дастури асосида яратилган. Ишлаб чиқувчилар SAMни барча автоном тизимга эга автомобилларга ўрнатишга эришмоқчи, бу эса ушбу саноатнинг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга.

Эртанги кун қурувчилари

Инновацион жараёнлар ва шаблонлардан ажралиб чиқиш ҳолати бошқа соҳаларда ҳам мавжуд. Бир қарашда уларнинг юқори технологиялар билан ҳеч қандай алоқаси йўқдек. Масалан, икки йил олдин «LEGO» компанияси ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда пластикдан фойдаланишни тугатиб, 2030 йилга қадар бошқа барқарор материалларни қўллаш ниятида эканлигини билдирган. Ушбу мақсадга эришиш учун компания Даниядаги экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш марказига салкам 150 миллон доллар сармоя киритган. Ҳозирда бу масала устида юздан ортиқ мутахассис иш олиб бормоқда.

Бўлаклардаги санъат.
Фото: «LEGO Group»

Бизнинг вазифамиз эртанги куннинг қурувчиларни илҳомлантириш ва ривожлантиришдир. Бизнинг асосий ишимиз болаларга ижодий ўйин тажрибасини тақдим этиш. Киритилган сармоялар — бу бизнинг келажак авлод амал қиладиган ижобий из қолдиришга бел боғлаганимизни билдиради.

 Келд Кирк Кристиансен, «LEGO Group» компанияси эгаси

Компания ўз ниятларини ҳаракатлари билан исотлаб улгурди: бир неча йил олдин «LEGO» йирик нефт компанияси «Shell» билан ҳамкорликни тўхтатди, шунингдек, шамол энергетикаси фермаларини ривожлантиришга сармоя киритди.

«LEGO» ўз тадқиқот марказидан ташқари дунёдаги нотижорат ташкилотлар ва университетлар билан биргаликда янги экологик хавфсиз материалларни аниқлаш учун ишламоқда.

Зарарнинг камайиши

Озиқ-овқат саноати ҳам бир жойда тургани йўқ: анъанавий зарарли егулик ва ичимликларни ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари учун анча яхшироқ масаллиқларни қидиришга тушди. Бунга ёқин мисоллардан бири «Coca Cola» компанияси ҳисобланади, у ўзининг газли ичимликларида шакар ва унинг ўрнини босувчилардан воз кечди.

Бугунги кунда шакарни ортиқча истеъмол қилиш зарар эканлиги барчага маълум. Шу боис юқори калорияли ичимликлар ишлаб чиқарувчиларнинг имижи азият чекмоқда, натижада савдо ҳажмида пасайиш кузатиляпти. Шакар ўрнини босувчи сунъий маҳсулотлар муаммони ҳал қилмайди, чунки уларнинг мутлақ хавфсиз экани ҳамон тўлиқ исботланмаган.

Вазиятдан чиқиш учун «Coca Cola Sweetener Challenge» карудсорсинг танловини эълон қилди, ғолибга компания 1 миллион доллар мукофот беради.

Танловнинг мақсади — ичимликларда ишлатиш мумкин бўладиган, табиий, хавфсиз, паст калорияли ёки калориясиз бирикмани қидириб топишдан иборат. Компания дунёда бу масалада ўзига ёрдам берадиган кимдир борлигига ишонмоқда.

«Биз доим янги, янада яхшироқ масаллиқларни қидирамиз ва турфа ғоялар турли тарафдан келиши мумкинлигини биламиз. Ушбу танлов ўзимиз хоҳлагандек ичимликни яратишга ҳаракат қилаётганимизни, шунингдек, шакар ўрнига унинг муқобилини топишда компаниядан ташқарига чиқишга тайёр эканлигимизни кўрсатади», — деди «GEO» компанияси раҳбари Роберт Лонг.

Муваффақиятга эришилган тақдирда, балки соғлиқни сақлаш соҳасидаги экспертлар ичимликка бўлган ўз қарашларини ўзгартирар.

Қанчалик ишониш қийин бўлмасин, тамаки саноати ҳам истеъмолчининг соғлигига етадиган зарарни инновацион технологиялар орқали ҳал этишга ҳаракат қилмоқда. Дунёдаги энг йирик тамаки ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири «Philip Morris International» (PMI) ўтган йили инновацион маҳсулотлар ҳисобига анъанавий тамаки ишлаб чиқаришни тўхтатиши мумкинлигини маълум қилди. Компания бош директори Андре Калантзопулоснинг айтишича, PMI маҳсулотлари инсон соғлигига зарар етказади. Компаниянинг асосий мақсади — ёмон одатдан қутилишни истамаган чекувчиларга тутунсиз ҳамда анча хавфсизроқ маҳсулотни таклиф қилишдан иборат. Улардан бири — IQOS бўлиб, у тамакини ёқмайди, балки қиздирадиган муқобилдир. Компания ўзининг илмий тадқиқотларига таяниб маълум қилишича, ушбу маҳсулотдан ажралиб чиқадиган аэрозол оддий сигаретдан ажраладиган тутунга нисбатан 90-95 фоизга камроқ.

IQOS ҳозирда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида сотилмоқда, 4 миллионга яқин чекувчи сигарет ўрнига ушбу янги маҳсулотдан фойдаланишни маъқул кўряпти.

Маҳсулотларнинг тобора оммалашиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, тутунсиз маҳсулотлар яқин келажакда анъанавий сигаретларни сиқиб чиқариши мумкин.

Уй ёрдамчилари

Хатарларни камайтириш ва инсон ҳаётини яхшилашга бир қарашда ҳеч қандай хавф туғдирмайдиган компаниялар ҳам катта ҳисса қўшмоқда.

Масалан, анъанавий юқори технологик компаниялар аҳолининг ижтимоий муҳофазага лаёқати бўлмаган одамларнинг ҳаётини енгиллаштириш мақсадида инновациялардан фойдаланиши мумкин. IBM Американинг Райс университети билан биргаликда келажакда кекса инсонларга фойдаси тегадиган робот-ёрдамчилар устида иш олиб бормоқда. Ҳозирда унинг прототипи яратилган: унинг номи «IBM MERA».

«IBM MERA» — кексалар кўмакчиси.
Фото: «Ibm.com»

Унинг сенсорлари овозни, ҳидни, ҳаракатни сезишга қодир, шунингдек, атрофдаги вазият инсонга хавф туғдириши мумкинлигини таҳлил қила олади. Роботнинг датчиклари печканинг иситгичлари ёниқлигини ёки одам йиқилиб тушганини пайқаши мумкин. «MERA» прототипига одамнинг юз ҳаракатларини ўқийдиган камералар, нутқни анлай оладиган ва ҳаётий муҳим функцияларни пайқай оладиган датчиклар ўрнатилган. Дастурчилар ушбу робот кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишига ва ёлғиз одамларга шерик бўлишига умид билдирмоқда.

Бу мисоллар замонавий дунёда янгиликларнинг долзарблигини тасдиқлайди. Технологиялар геометрик прогресс тезлигини ривожланмоқда. Бироқ энг муҳими — инсон буларнинг барчасини керакли томонга йўналтира олишида. Технологик янгиликлар компанияларга нарсаларни янада қулай ва арзон тақдим этишга, атроф-муҳитга етказиладиган зарарни камайтиришга ва ҳақиқатда инқилобий маҳсулотларни ишлаб чиқишларида ёрдам берди.

Инновациялар дунёни янада яхшилашга хизмат қилади

Фойдали фикрлар ва ташаббуслар жамиятда қанчалик кўп бўлса, аҳоли турмуш даражасининг ошишига кўпроқ хизмат қилади: соғлиқни сақлаш, кундалик ҳаётда ва бошқа соҳаларда. Илм-фан ва технологияларни янги босқичга олиб чиқишни истаётган компаниялар доим ҳар томонлама рағбатлантирилиши керак, бу эса ҳаётимизни яхшилашга ёрдам берадиган янгиликларни янада арзонроқ бўлишини таъминлайди.   

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг