Юришга, югуришга, эмаклашга ва ҳатто сузишга қодир микроробот яратилди (видео)

Юришга, югуришга, эмаклашга ва ҳатто сузишга қодир микроробот яратилди (видео)

Фото: «Daily Tech Info»

Макс Планк номидаги интеллектуал тизимлар институти тадқиқотчилари ҳақиқатда универсал микророботни яратди. Мазкур робот устига юк ортилган ҳолда юришни, эмаклашни, сакраш ва сузишни эплай олади, деб хабар берди «Daily Tech Info».

4 миллиметрли мустаҳкам силикон кўринишидаги янги микророботга диққат билан эътибор берилса, унинг ҳаракатлари худди капалак қуртиникига ўхшаш эканлигини кўриш мумкин. «Бироқ бизнинг микророботимиз асосида кўплаб тирик жонзотларнинг ҳаракати ётади. Булар турли ҳашоратлар, қуртлар ва ҳоказо», — деб ёзади тадқиқотчилар.

Миркоробот ўз «танаси»га ўрнатилган эластик материал таркибидаги микрозаррали магнитлар ҳисобига ҳаракатланади. Унинг ҳаракатлари ташқаридан туриб, магнит майдон орқали бошқарилади.

Микророботнинг қобилиятлари махсус яратилган «тўсиқлар йўлаги»да намойиш этилди. Мазкур йўлакни босиб ўтиш учун робот юришга, судралишга, сакрашга ва суюқликдан сузиб ўтишга мажбур бўлди. Қизиқ жиҳати унинг устида маълум миқдорда юк бўлган.

«Мақсадимиз, даволовчи воситаларни белгиланган манзилга олиб боришга қодир янада кичикроқ микророботни яратиш. Шу билан бирга роботдан фойдаланиш беморга минимал даражада зарар етказиши керак. Бемор фақатгина ичида микроробот бўлган капсулани ютиб юбориши лозим. Шунда робот овқат ҳазм қилиш тизимига тушади ёки уни игна ёрдамида қон айланиш тизимига жойлаштириш мумкин бўлади. Бу орқали эса микроробот исталган жойга, жумладан, мия ва юраккача бора олади», — дейди тадқиқотчилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг