Android qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×

Компьютер, ишсизлик, дори-дармонлар... Янгиҳаёт ҳокими ёшлар муаммоларини тинглади

Компьютер, ишсизлик, дори-дармонлар... Янгиҳаёт ҳокими ёшлар муаммоларини тинглади

22 январь куни Тошкентнинг янги ташкил этилган Янгиҳаёт тумани ҳокими ёшлар билан учрашди. Илк марта ташкил этилган ушбу тадбир очиқ мулоқот тарзида ташкил этилди. Учрашув давомида туман ҳокимига ёшлар томонидан кўплаб мурожаат ва таклифлар билдирилди.

Хусусан, ёшлардан бири туман ҳокимига ўзи таҳсил олаётган мактабда компьютер ва дарсликлар етишмовчилиги кузатилаётгани ҳақида мурожаат қилди. Бунга жавобан яқин орада мактаб китоб ва компьютер билан таъминланадиган бўлди. Шунингдек, имконияти чекланган ўқувчилардан бирига ногиронлик аравачаси ҳамда саломатлигини тиклаш учун дори-дармонлар етказиб берилиши белгиланди.

Учрашувда ёшлар орасидаги ишсизлик муаммоси ҳам кўтарилиб, унга кўра, ихтисослиги бўйича иш топа олмаган ёшлардан бири иш билан таъминланадиган бўлди. Шунингдек, ёшлар томонидан тадбиркорлик масалаларига оид таклифлар ҳам билдирилди. Жумладан, маҳаллада нонвойхона, ўқув маркази ташкил этиш каби таклифлар ўрганиб чиқилиб, ҳокимлик томонидан амалий кўмак кўрсатилиши белгиланди.

Учрашувда туман ҳокими фаол ўқувчи ва ташаббускор ўқитувчиларни рағбатлантирди. Уларга эсдалик совғаси сифатида китоблар ва ноутбуклар топширилди.

Учрашув сўнггида туман ҳокими туманда иккита болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қурилиши, Наврўз байрами арафасида марафон ҳамда ҳоким кубоги спорт тадбирлари ўтказилиши, ижтимоий тармоқларда ёшларнинг таклиф ва мурожаатларини қабул қиладиган махсус бот ташкил этилиши ҳақида айтиб ўтди.

Izohlar 0

Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring