Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Американинг энг кекса аёли вафот этди

Американинг энг кекса аёли вафот этди

Фото: «Associated Press»

Aмериканинг Шимолий Каролина штати Шарлотта шаҳрида AҚШнинг энг кекса аёли оламдан ўтди. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда.

Турли манбаларга кўра, Хестер Форд 1904 ёки 1905 йилда туғилган. 2020 йил август ойида қариндошлари унинг 116 йиллигини нишонладилар, аммо супер узоқ умр кўрувчиларни ўрганадиган ва синовдан ўтказадиган Геронтология тадқиқот гуруҳи ходимлари аёлнинг атиги 115 ёшда эканлигини айтишмоқда. Уларнинг хулосасига кўра, Хестер Форд 115 ёшу 245 кунлигида вафот этди.

Aмерикалик аёл 14 ёшида турмушга чиқди ва бир йилдан сўнг биринчи фарзандини дунёга келтирди. Унинг жами 12 фарзанди, 68 набираси, 125 чевараси ва 120 дан ортиқ эвараси бўлган. У 108 ёшигача бирор марта ҳам шифохонага бормаган, уйида ўзгаларнинг ёрдамисиз кун кечирган, COVID-19 пандемиясидан олдин ҳар ой ибодатхонага қатнаган.

2020 йили Хестер Форд ақл-идрокини сақлаб қолгани, мустақил овқатланиши ва ходунок ёрдамида қисқа масофаларга юра олиши ҳақида хабар берилганди. Унинг узоқ умр кўриш сирини сўрашганда, у шундай жавоб берган: «Мен шунчаки тўғри яшайман, бор гап — шу».

Хестер Форд вафотидан сўнг небраскалик Тельма Сатклифф ва калифорниялик Мария Браньяс Морера энг кекса америкалик аёлларга айланишди. Униси ҳам, буниси ҳам 114 ёшга тўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг