Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Австралияда ўлган Толибон жангчисининг протез оёғидан спиртли ичимлик ичган ҳарбийлар устидан тергов бошланди

Австралияда ўлган Толибон жангчисининг протез оёғидан спиртли ичимлик ичган ҳарбийлар устидан тергов бошланди

Фото: «Upge.wn.com»

Австралияда ўлган Толибон жангчисининг протез оёғидан спиртли ичимлик ичган махсус кучлар ҳарбийлари устидан тергов бошланди. Жиноятчилар 20 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин, дея хабар берди «Guardian» нашри мамлакат мудофаа вазирлигига таяниб.

Газетанинг ёзишича, тергов ҳарбий хизматчилар вафот этган жангарининг протезидан пиво ичгани ва уни ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган жойларда рюкзакка боғлаб қўйгани акс этган фотосуратлар тарқалгандан сўнг бошланди.

«Айни пайтда армия ушбу иш бўйича тўлиқ тергов олиб бормоқда», — дея Мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларини келтиради нашр.

«Guardian»нинг Австралия махсус ҳаво-десант хизмати (SASR) манбаларига асосланиб хабар беришича, юқори лавозимли офицерлар махсус кучларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан хабардор бўлишган. Қайд этилишича, улар протездан алкоголли ичимликлар ичилганига гувоҳ ҳам бўлишган. Баъзи маълумотларга кўра, уларнинг ўзлари ҳам унда иштирок этган бўлиши мумкин.

Ноябрь ойида Австралия Қуролли Кучлари қўмондони Ангус Кемпбелл 2005 йилдан 2016 йилгача Афғонистонда Австралия махсус кучлари томонидан 39 та қотиллик ва иккита асоссиз шафқатсиз муносабатнинг далиллари келтирилган ҳисоботни чоп этди. Қурбонлар орасида маҳаллий аскарлар ҳам, тинч аҳоли ҳам бор. Оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, австралиялик аскарлар, агар керак бўлса, австралиялик ҳарбий хизматчилар қотилликларини оқлаш учун ҳар эҳтимолга қарши асирларга қурол ташлаб қўйишган.

Маъруза чоп этилгач охирги уч ҳафта ичида тўққиз нафар австралиялик ҳарбий ўз жонига қасд қилган. Улар орасида саккизта эркак ва битта аёл бор. Ҳозирча уларнинг исботланган жиноятларга алоқадорлиги ҳақида ҳеч нима маълум эмас, бироқ мутахассис армияда ўз жонига қасд қилишлар маъруза билан боғлиқлигини истисно қилишмаяпти.

Аввалроқ маърузадаги маълумотлар 400 нафар гувоҳнинг кўрсатмаларига асослангани тўғрисида хабар бергандик.

Бундан ташқари, экспертлар ўша даврга тааллуқли 20 мингдан зиёд ҳужжат ва 25 мингдан зиёд фотосуратни ўрганиб чиқишди.

Ушбу ҳолат маълум бўлгач, Австралия бош вазири Скотт Моррисон Афғонистон президенти Ашраф Ғанига қўнғироқ қилиб, ҳамдардлик билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг