Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ерда ҳаёт қачон пайдо бўлган? Бу саволга жавоб топилган кўринади

Ерда ҳаёт қачон пайдо бўлган? Бу саволга жавоб топилган кўринади

Фото: «РИА Новости»

«Рамблер»нинг ёзишича, Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиш вақти — эволюциянинг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири. Олимлар илк ҳаёт нишоналарини анчадан бери астойдил излашмоқда. Қарийб 40 йил муқаддам Австралия манбаларида 3,5 миллиард йиллик жониворларнинг тошга айланган қолдиқлари топилиши жаҳон сенсацияси даражасига етди. Бир қанча олимлар ўшандаёқ уларда тирик таналарнинг қолдиқлари сақланиб қолганини маълум этишганди. Бундан чиқди, сайёрамизда ҳаёт илм-фан тахминидан камида 600 миллион йил эрта бошланган. Бироқ рақиблар бундай шов-шувли хабарни эълон қилиш учун етарли далилларга эга бўлиш керак деб ҳисоблашади. Баҳс-мунозарага нуқта қўйиш учун тегишли технологиялар пайдо бўлишини, бир неча ўн йил кутишга тўғри келди. Ҳозирги кунга келиб австралиялик олимлар тошга айланган қолдиқларни олтита замонавий асбоб-ускунада текшириб кўришди.

Ҳар тарафлама олиб борилган бундай консилиум ушбу қадимий қолдиқларда ҳаёт белгилари борлигига ойдинлик киритиб берди. Қолдиқлар асосан майда тешикли минерал пиритдан иборат. Уларда таркибига кўра замонавий бактериялар мембранаси деворига ўхшаш органик иплар бор. Бундан ташқари, пиритда микроорганизмларнинг ҳаётий фаолияти маҳсулотлари ҳисобланган органик материаллар аниқланган.

Австралия топилмаси бир қанча сабабларга кўра қизиқарли. Биринчидан, ҳаётнинг пайдо бўлиш муддати энди 600 миллион йил ортга сурилди. Иккинчидан, Ерда ҳаёт океаннинг шўр сувида эмас, қуруқликдаги термал чучук манбаларда юзага келган бўлиши мумкинлигини тасдиқловчи далил топилди. Негаки ҳозиргача «денгиз» версияси етакчилик қилаётганди. Учинчидан, Австралия топилмаси Марсга янги миссиялар учун асос бўлиши мумкин: энди ҳаёт нишоналарини қандай ва қаердан излаш маълум. Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, Қизил сайёрадаги тупроқ айрим жойларда жуда Австралияни эслатади. Ёши ҳам яқин.

Таъкидлаш жоизки, Ерда ҳаёт бўлган муддатни янада ортга сурувчи жуда кўп далиллар мавжуд. Мана, масалан, 2017 йили тадқиқотчилар гуруҳи Канада яқинида океаннинг геотермал манбаларида Ер юзида 4,28 миллиард йил муқаддам яшаган тирик жонзотларнинг қолдиқларини топишди. Бироқ бу кўпгина норозиликларни келтириб чиқарди. Мутахассислар улар топган қолдиқларнинг биологик ёшидан гумонсирашмоқда. Бироқ Австралия топилмасига қарийб ярим асрдан бери шубҳа қилиб келишганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг