Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Италияда «аср суди» бошланди: қора курсида — мафия аъзолари, сиёсатчилар, полициячилар, собиқ депутатлар, мэрлар...

Италияда «аср суди» бошланди: қора курсида — мафия аъзолари, сиёсатчилар, полициячилар, собиқ депутатлар, мэрлар...

Фото: «YouTube»

«Аср суди» — Италия матбуоти Калабрияда 13 январь куни бошланган суд эшитувларини шундай таърифламоқда. Суд мажлислари хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган муҳитда, махсус жиҳозланган уч минг квадрат метрлик бункерда ўтмоқда. Қора курсида ўтирганлар — 300 дан зиёд киши, улар орасида жанубий Италия аҳолисини қўрқувга солиб келган қудратли жиноий ташкилот «Ндрангета» босслари ҳам бор. Не қилмишлари уларни бу ерга келтирди?

Мафия отаси қамоқда ҳам босслигича қолади — жиноят оламининг биринчи қоидаси бу. Бункерга келтирилган 323 нафар айбланувчи — кланлар аъзолари, сиёсатчилар, полициячилар, собиқ депутатлар, мэрлар ўнлаб алоҳида камераларда сақланмоқда. Буни бир пайтнинг ўзида «Ндрангета» тартиб-таомилларига «ҳурмат» деб ҳам, бункерда қўшхавфсизликни таъминлаш ҳам деб тушуниш мумкин.

Айбловни умрининг ярмидан кўпини давлат ҳимояси остида ўтказган машҳур прокурор Граттери эълон қилади:

«Ндрангета»ни ич-ичидан биламан. Кичкиналигимда мафия боссларининг болалари билан бир мактабга борганман. Бир пайтлар танаффусда мен билан ўйнаб юрган болалар катта бўлгач мафия кланларига бош бўлиб кетишди. Шунинг учун ҳам мафия фалсафасини, уларнинг қандай мушоҳада юритишини ҳис эта оламан. Мактабга кўпинча яёв кетардим, йўл четида ўлдириб кетилганларнинг жасадларини кўп учратганман».

«Ндрангета-2020» — албатта, прокурорнинг болалик хотираларидаги «Ндрангета» эмас. Суднинг мақсадларидан бири ҳам шу — мафия қанчалик ривожланганини кўрсатиб бериш. Гувоҳликка чақирилганларнинг ўзи нақ 900 киши. Айбловлар орасида энг асосийси мафиянинг бош даромад манбаи бўлмиш наркотрафик.

Энг қийини — товламачилик ва коррупция. «Ндрангета» ҳаммаёққа одамларини тиқиб ташлаган. Қудратли Манкузо оиласи (суд курсисида Луижи амаки лақабли клан отаси ўтирибди) шартномалар ва кўчмас мулкдан пул ишлашнинг ҳавосини олган. Клан ўз манфаати йўлида қўпол куч ишлатиш билан бирга, сиёсий алоқаларни ҳам ишга солишдан қайтмайди. Мафиянинг узун қўллари наркотиклар савдосидан ташқари, кўчмас мулклар сотиб олиш, йирик тижорий лойиҳаларгача етиб борган.

«Ндрангета»нинг қудрати оилавий қадриятларга қурилганида — жуда қаттиқ горизонтал тузилма, яқин қариндошлар орасидаги никоҳлар. Бунақаси на «Коза Ностра», на неаполликлар «Каморра»сида учрайди. Шу боисдан ҳам клан раҳбарининг жияни Эммануэле ушбу суд жараёнининг бош сенсациясига айланди. «Ндрангета» тарихида илк маротаба оила аъзоси тергов билан ҳамкорлик қилишга розилик берди ва бу унга қимматга тушди. У карцердан оила гаровга олган икки яшар қизини ҳимоя қилишни сўраб очиқ хат жўнатди. Бироқ тазарру қилган мафия аъзосининг хотини гувоҳларни ҳимоя қилиш дастури иштирокчиси бўлишни истамади — мафия қонунларига бўйсуниб, кланда қолди.

«Бугунги «Ндрангета» — мафияларнинг энг хавфлиси. Бутун дунё бўйлаб томир отган. Мафияларнинг энг бойи, чунки Европага кокаин олиб кириш унинг назорати остида», — деди прокурор Никола Граттери.

Дунё «Коза Ностра» ҳақидаги сериалларга маҳлиё бўлиб ўтирганида «Ндрангета» қаддини тиклаб олди. Калабриялик қотил Германияда олти кишини ҳеч қандай гувоҳ қолдирмай отиб ташлаган 2007 йилда «Ндрангета» ўзининг илк сўзларини айтганди. Кейинчалик Германия полицияси италиялик терговчилар ёрдамида аниқлашича, бу қонли интиқом эди. Ўшанда вендетта (ўч олиниши)дан хавфсираган, ўқ изларини ҳатто черков деворида ҳам учратиш одатий ҳол бўлган Сан-Лука (Калабрия) шаҳарчаси блок-постлар билан ўраб олинганди.

Дарвоқе, Германия ҳам ушбу суд жараёнидан четда эмас — «Ндрангета» немис заминини салкам иккинчи ватанга айлантириб олган, қўлган олинганларнинг айримлари ўша ердан.

Аср судида 600 нафар адвокат қатнашади. Пандемия нафаси шу ергача етиб келган — айбланувчиларнинг айримлари кўрсатмаларни видеоалоқа воситасида масофадан беради.

Суд бир неча йилларга чўзилиши тайин. Гап судланувчиларнинг кўп сонли эканида эмас. Италия суди секин, аммо муқаррар ишлайди. Деярли... Даъво муддати ўтиб кетиб ёки жиноят таркиби йўқлиги рўкач қилиниб озодликка чиқариш ҳам мамлакат серқирра суд тарихининг ўзига хос жиҳатларидан саналади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг