Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коронавирусни қасддан юқтириш учун қатл! Ўлим жазосига доир яширин тафсилотлар очиқланди

Коронавирусни қасддан юқтириш учун қатл! Ўлим жазосига доир яширин тафсилотлар очиқланди

Хитойда қатллар кўламига доир аниқ маълумотлар йўқ – ўлим жазосига доир маълумотлар давлат сири саналади. Фото: «CNN»

Коронавирус пандемияси сабаб жорий этилган чекловлар дунёнинг айрим мамлакатларини ўлим жазосини ижро этишдан тўхтата олмади. Бу ҳақда Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.

«Бутун дунё инсониятни коронавирус офатидан қутқариш учун нажот қидираётган бир пайтда айрим ҳукуматлар қатл ҳукмларини ижро этиш билан хавотир ва ташвиш уйғотди. Ўлим жазосини оқлаб бўлмайди. Уни пандемия шароитида амалга татбиқ этиш эса икки карра шафқатсизликдир», – дейди мазкур ташкилот бош котиби Аньес Калламар.

Қайд этилишича, 2020 йилда 18 мамлакатда суд ҳукми асосида 483 маҳбус қатл этилди, уларнинг 16 нафари аёллардир. Қатллар сони икки йил аввалгига қараганда 26 фоизга камайган: 2019 йилда 657 маҳбус қатл қилинган.

Ўлим ҳукмлари бошни танадан жудо қилиш, дорга осиш, отув каби усуллар, шунингдек, укол ва электр токи ёрдамида амалга оширилган. Қатллар сони борасида Хитой, Эрон, Миср, Ироқ ва Саудия Арабистони «пешқадам» деб эълон қилинган.

Хитой қонунчилигига кўра, ватанга хиёнат, жосуслик, исён, портловчи моддалар тайёрлаш, қалбаки дори-дармон ишлаб чиқариш ва сотиш, номусга тегиш, қотиллик, одамфурушлик, гиёҳвандлик моддалари савдоси, коррупция каби 40 дан ошиқ турдаги жиноятлар учун ўлим жазоси кўзда тутилган.

2020 йилдан Хитойда COVID-19 хасталигини яшириш ва бошқаларга қасддан юқтириш учун ҳам ўлимга қадар кескин жазо чоралари жорий этилди. Маълумотларга қараганда, 2020 йил февраль ойидаёқ бу турдаги 21 та жиноят рўйхатга олинган. Аммо жиноятда айбланганларнинг қанчаси ўлимга ҳукм қилингани маълум эмас. Amnesty International ташкилотига кўра, камида бир киши коронавирусга қарши тартиб-қоидаларни бузгани учун қатл этилган. Умуман, Хитойда ҳар йили минглаб маҳбус қатл этилиши айтилади.

Аммо ўлим жазосига доир маълумотлар давлат сири ўлароқ малакалангани боис бу борада аниқ рақамлар мавжуд эмас. Amnesty International эса статистик рақамларни тузишда қатл этилган маҳкумларнинг қариндошлари билан суҳбатлар ҳамда матбуот хабарларига таянади.

2020 йили Мисрда қатллар сони 3 бараварга ортди. Фото: «AFP»

Ўтган йили Мисрда 107 маҳкум қатл этилган. Бу 2019 йилдан (32 нафар) 3 баравар кўпдир. Amnesty International ўлим ҳукмига доир тергов ва суд жараёнида халқаро меъёрлар бузилгани, айрим ҳолларда қийноқ остида кўрсатмалар олингани ҳақида хабар берган.

2020 йили Ироқда 45 та (2019 йилда 100 та) ва Саудия Арабистонида эса 27 та (2019 йилда 184 та) ўлим ҳукми ижро этилган.

АҚШда ўлим ҳукмини бекор қилишга чорловчи намойиш. Фото: «AFP»

АҚШ Ғарбий яримшарда қатл амалга оширилган ягона мамлакат ҳисобланади. Мамлакатнинг 25 штатида ўлим жазоси мавжуд. Аммо сўнгги йилларда федерал миқёсда ўлим ҳукмини ижроси бўйича норасмий мораторий амал қилиб келаётган эди. Президент Дональд Трамп маъмурияти норасмий танаффусни бузган ҳолда 17 йилда илк марта 10 та ўлим ҳукмини амалга оширди. Пандемия чекловлари сабаб адвокатлар ўз ҳимоясидаги маҳкумлар билан кўриша олмаганидан арз қилган.

Ҳозирга қадар дунёнинг 108 та мамлакати ўлим жазосини тўлиқ бекор қилган. Amnesty International ташкилоти мазкур жазони сақлаб қолган давлатларни ҳам ундан воз кечишга чақириб келмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг