Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лукашенконинг ўғли «қора рўйхат»га кирди – Ғарб Беларусга қарши янги санкциялар жорий этди

Лукашенконинг ўғли «қора рўйхат»га кирди – Ғарб Беларусга қарши янги санкциялар жорий этди

Фото: ТАСС

АҚШ ва Европа Иттифоқи Беларусга қарши янги санкцияларни жорий этди. Бу гал президент Александр Лукашенконинг ўғли ҳам «қора рўйхат»га киритилган. Расмий Минск мигрантлардан фойдаланган ҳолда ЕИга қарши гибрид уруш олиб боришда айбланмоқда.

АҚШ ғазначилик хизмати сайтида чоп этилган ҳужжатга кўра, жорий йил 2 декабрдан Қўшма Штатлардаги юридик ва жисмоний шахсларга Беларусь молия вазирлиги ҳамда Тараққиёт банкига кредит ажратиш борасида чеклов киритилади.

Шунингдек, Яқин Шарқдан ЕИ чегарасига мигрантларни ташиб келишда гумон қилинаётган 3 та ҳаво кемаси, 12 та компания ҳамда 20 нафар амалдор ҳам «қора рўйхат»га тиркалган. Санкция жорий этилган расмийлар орасида Беларусь раҳбарининг тўнғич ўғли Дмитрий Лукашенкони ҳам кўриш мумкин.

АҚШ билан бир пайтда ЕИ ҳам Беларусь маъмуриятига қарши жазо чораларини қўллади. Унга кўра, 17 амалдор ҳамда «Гродно Азот», «Беларусь нефть», «Белавиа» каби давлат ширкатлари фаолиятига чеклов жорий этилмоқда.

Пайшанба куни, шунингдек, Канада ва Буюк Британия ҳукуматлари Минскка нисбатан санкциялар жорий этди. Британия ташқи ишлар вазири  Лиз Трасс жазо чоралари Лукашенко маъмуриятининг аксилдемократик хатти-ҳаракатларига жавоб эканини таъкидлаган.

Расмий Брюсселга кўра, Беларусь маъмурияти мигрантлар воситасида ЕИга қарши гибрид ҳужум уюштирмоқда. Аввал хабар берганимиздек, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси ҳам бу масалада баёнот берган эди.

«Беларусь режими онгли ҳолда ва беҳаёлик билан одамларнинг ҳаётини хавф остига қўймоқда. У одамлардан ўзининг сиёсий мақсадлари учун фойдаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёрдамида одамларни чегарага жўнатиш ва уларнинг ғайриинсоний ва даҳшатли қиш шароитида қайтишига тўсиқ қўймоқда», – дейилади баёнотда.

Беларусь ташқи ишлар вазирлиги Ғарб томонидан чекловлар жорий этилишига муносабат билдирар экан, кескин жавоб чораларини ваъда қилган ва санкцияларни кескин қоралаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг