Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

Мақсад жазолаш эмас, балки инсонларнинг қонун ва қоидаларга амал қилишига эришиш бўлиши керак

Мақсад жазолаш эмас, балки инсонларнинг қонун ва қоидаларга амал қилишига эришиш бўлиши керак

Фақат радарнинг ўзи қўйиладиган бўлганда, радарнинг ягона мақсади қонунбузарларни жазолаш бўлиб қолган бўларди.

Сурат муаллифи: Nicolas Sabathier

Бир дўстим билан Париждан Франциянинг Британия вилояти томон машинада йўлга чиқдик. Францияга келганимга ҳали кўп бўлмаган ва бу давлатнинг одатларини яхши билмайдиган пайтларим эди. Автомагистралга чиқиб олгандан кейин, табиийки, дўстим машинани йўл қоидаларига биноан катта тезликда ҳайдай бошлади.

Автомагистралнинг айрим жойларида тезликнинг лимити соатига 130 километр қилиб белгиланган бўлса, бошқа жойларида соатига 110 километр қилиб белгиланган эди. Йўл бўйлаб маълум масофаларда машиналарнинг тезлигини ўлчаб турадиган фоторадарлар ўрнатилган.

Энг қизиғи, фоторадарлар келишидан бир неча километр олдин «Диққат, олдинда фоторадар бор. Тезлик лимити фалон километр» деб ёзилган кап-катта огоҳлантирувчи йўл белгилари чиқарди. Ҳар сафар белгини кўрганида дўстим спидометрга қарар ва агар белгиланганидан ортиқ тезликда ҳайдаётган бўлса, тезликни пасайтириб, радарга тушмасдан ўтиб кетар эди.

Буни кўриб, менинг ҳайратим ортди. Хаёлимдан «Бу французларнинг ақли жойидами? Олдиндан огоҳлантирадиган бўлса радар қўйиб нима қилади?» деган гаплар ўтди. Бу ҳақда дўстимга айтган эдим, у менга бунинг маъносини тушунтириб берди:

— Йўлларга радар қўйишдан мақсад йўловчиларни ушлаб жазолаш эмас, балки йўл ҳаракатини тартибга солиш ва ҳайдовчи, йуловчиларнинг хавфсизлигини таъминлашдир. Агар фақат радарнинг ўзи қўйиладиган бўлганда, радарнинг ягона мақсади қонунбузарларни жазолаш бўлиб қолган бўларди. Мана бундай тизимда эса белгилар ҳайдовчиларга тезликни оширмаслик кераклиги ҳақида эслатиб туради. Агар кимда-ким огоҳлантирувдан кейин ҳам тезликни пасайтирмайдиган бўлса, ана у ҳақиқий қонунбузар ҳисобланади ва у жарима тўлашга мажбур бўлади…

* * *

Мен ишлаган икки юлдузли меҳмонхона ўзининг икки юлдузини «ҳимоя қилиш»и учун текширувдан ўтадиган бўлди. Назоратдан кейин меҳмонхона ўзининг икки юлдузини сақлаб қолиши ёки ундан айрилиши мумкин эди.

Мени ҳайрон қолдиргани, текширувчи ташкилот бир неча ойдан кейин бўладиган назорат кунини меҳмонхона раҳбариятига олдиндан расман айтиб қўйди. «Бу назорати ғалати экан-ку, қачон келишини олдиндан айтиб қўйса, меҳмонхона ҳамма тайёргарлигини кўриб қўяди-ку» десам, текширув мен ўйлаганимдан ҳам «ғалати» бўлиб чиқди. Ташкилот текширув санасини айтишдан ташқари меҳмонхонага текширувга тайёргарлик кўришга ёрдам ҳам бера бошлади. У меҳмонхонага барча маълумотларни, жумладан айнан қайси мезонлар бўйича, қаерларни текширишини, қандай тайёргарлик кўриш кераклигини ва стандартларга кўра нималарни яхшилаш лозимлиги ёзилган ҳужжатларни олдиндан бериб қўйди.

Табиийки, бизнинг меҳмонхона ташкилот қандай айтган бўлса барча шароитларни ўшандай ҳолатга келтириб қўйди ва текширувдан яхши баллар билан ўтиб олди. Энг асосийси — тайёргарлик натижасида меҳмонхона ҳақиқий «Икки юлдузли меҳмонхона»га айланди. Жуда кўп камчиликлар тўғриланди ва қилинмаган ишлар қилинди.

Раҳбариятдан ўзи айтиб, ўзи ёрдам бериб қилинадиган бундай текширувдан мақсад нима эканлигини сўрасам, менга тахминан шундай тушунтирдилар:

— Текширувдан мақсад меҳмонхоналарнинг айбларини топиб, жарима солиш ва юлдузларини тортиб олиш эмас. Аксинча, мақсад — меҳмонхоналарнинг шароитини юлдузига мос даражага олиб чиқишга ёрдам бериш, «фалон юлдузли меҳмонхона» қандай бўлиши кераклигини ўргатиш ва мижозларга кўрсатиладиган хизматларнинг сони ва сифатини оширишдир. Назоратдан ўта олган меҳмонхоналарда текширувдан кейин шароитлар яхшиланган бўлади ва бу меҳмонхонанинг фойдасига хизмат қилади. Бунинг устига меҳмонхонанинг раҳбарияти ҳамда ходимлари текширувга тайёргарлик жараёнида тажрибага эга бўлиб олади. Шунча ўргатгандан кейин ҳам назоратдан ўтолмаган меҳмонхоналардан эса юлдузлари олиб қўйилади...

* * *

Собиқ совет иттифоқи давлатларида, жумладан Ўзбекистонда «комиссия келди» деган гап ташкилотлар ва инсонлар учун салкам «Азроил жонингни олишга келди» дейиш билан баробар десам муболаға бўлмайди. Чунки бизда текширув ва назоратлар «салиб юришлари»га ўхшаб уюштирилади ва текширув натижасида албатта кимларнингдир бурни қонайди.

Тўғри, текширилганда камчилик топилса, бунинг учун жавобгарлар жазоланиши керак. Мен адолат қарор топишининг тарафдориман. Лекин текширувларнинг мақсади фақат жазолаш бўладиган бўлса, бундай текширувлар шароитнинг яхшиланишига ва тараққиётга хизмат қилмайди деб ўйлайман.

Ўзбекистондаги текширув амалиёти бизга собиқ Совет иттифоқидан мерос бўлиб қолган. У асосан бюрократия ва қоғозбозликка асосланган бўлиб, унда текширувчиларга бир япон вазири айтганидай императорнинг ваколатлари ва дипломатларнинг дахлсизлиги берилган бўлади. Энг асосийси бундай текширувдан мақсад асосан айб топиш, жазолаш, хуллас юқоридагиларга натижа кўрсатиш бўлади.

Мен бундай амалиёт йигирма биринчи асрда Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўлига тўғаноқ бўлади деб ўйлайман. Чунки бундай амалиёт текширилувчиларда бурни қонамаслиги учун пора беришга мойилликни ва текширувчиларда натижа кўрсатиш учун нохолис бўлишга иштиёқни келтириб чиқаради…

* * *

Қонун ва қоидаларнинг асл мақсади тартиб-интизом ўрнатиш ва шу орқали барча инсонларнинг ҳаётини енгиллаштиришдир. Уларни бажармаслик тартибсизликка сабаб бўлади. Шунинг учун уларга амал қилмаганларга нисбатан жазолар белгиланади. Чунки инсонларнинг ҳаётини қоидабузарларни жазолаш эмас, балки қонун ва қоидаларга амал қилиш енгиллаштиради.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг