Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мавлуд Човушўғли хитойлик ҳамкасби билан учрашувда «ҳассос масала»ни кўтарди

Мавлуд Човушўғли хитойлик ҳамкасби билан учрашувда «ҳассос масала»ни кўтарди

Туркия ва Хитой ташқи ишлар вазирлари.

Фото: www.mfa.gov.tr

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли хитойлик ҳамкасби Ван И билан музокараларда икки томонлама ҳамкорликка доир муҳим масалалар қаторида уйғурлар билан боғлиқни ҳолатни ҳам муҳокама қилди.

Мавлуд Човушўғли Хитой вакилига уйғурлар ҳолатига доир фикрларини билдирар экан, масалани «ҳассос» деб атаган. 

Анқара ва Пекин муносабатларида уйғурлар тақдири ҳамиша муҳим ўрин тутиб келган. Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ининг 2021 йил март ойида Анқарага ташрифи пайтида ҳам уйғурлар ҳаётини яхшилаш масаласи кўтарилган. 

Туркия халқи Хитойнинг Шинжон уйғур-мухтор ўлкасида яшовчи туркий элатларнинг ҳақ-ҳуқуқларидан хавотирда. Гап шундаки, жаҳон ҳамжамияти мазкур ўлкада яшовчи мусулмонлар халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда тутқунликда сақланаётгани борасида хавотир билдириб келмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мазкур ҳолатни қоралаган.

Туркиядаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам уйғурларнинг ҳақ-ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатиш, уларни мажбурий меҳнат ва зўравонликдан халос этишни талаб қилади. Хусусан, Туркия инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти раиси Сулаймон Арслон мусулмон озчиликларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиш оқибатидан огоҳлантиради. 

«Бундай ёндашув минбаъд мамлакатда тинчлик ва фаровонликка олиб келмайди. Ҳали бирор бир мамлакат бошқа жамоаларга зўравонлик ортидан тараққиётга эришмаган», – дейди С.Арслон.

Бир муддат олдин Туркия ҳамда Хитой ўртасида жиноятда гумонланаётганларни экстрадиция қилиш ҳақида битим тасдиқланди. Бунинг ортидан Туркия маъмурияти мамлакатдаги уйғурларни Хитойга тутиб бериши ҳақида хавотирлар юзага келди. Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли хавотирларни асоссиз деб атаган ва бу бошқа мамлакатлар билан ҳам тузиладиган одатий битим эканини қайд этган.

Ғарб мамлакатлари Хитойни Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи мусулмон аҳоли ҳақ-ҳуқуқларини бузишда айбламоқда. АҚШ давлат департаменти ҳисоботига кўра, Хитой томони Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи 800 мингдан 2 миллионгача уйғур, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб мусулмонларни лагерларда тутқунликда сақламоқда.

Қайд этилишича, судсиз, терговсиз жорий этилган ушбу жазо усули маҳаллий мусулмонларни ўз дини ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш ва тўлиқ хитойлаштиришга қаратилган.

2021 йил декабрь ойида АҚШ президенти Жо Байден Хитойнинг Шинжон-уйғур мухтор ўлкасидан импортни тақиқлаш ҳақидаги қонунни имзолади. H.R. 6256 рақамли қонунда мазкур минтақа аҳолисини мажбурий меҳнатга жалб қилганларга нисбатан жазо чоралари қўллаш кўзда тутилган.

2020 йилда йили Австралия стратегик сиёсат институти (The Australian Strategic Policy Institute) ҳам Хитой ҳукуматининг босими остида ўн минглаб уйғур ҳамда бошқа элатларга мансуб мусулмонлар қуллик шароитида меҳнат қилаётгани ҳақида ҳисобот эълон қилган эди.

Хитой томони эса ёпиқ лагерларда уйғурлар ва бошқа кам сонли миллатларга мансуб мусулмонлар қийноққа солинаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этади. Расмий Пекинга кўра, экстремизмга мойил аҳолини қайта тарбиялашга йўналтирилган таълим ва касб-ҳунар марказлари фаолияти янглиш талқин қилинмоқда.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг