Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Миллиардерлар аёллар ва қашшоқлар ҳисобига бойишмоқда — Oxfam (видео)

Миллиардерлар аёллар ва қашшоқлар ҳисобига бойишмоқда — Oxfam (видео)

Фото: «Delfi»

Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми бошланишига бир кун қолганида халқаро хайрия ташкилоти — Oxfam ўз ҳисоботини тақдим этди, дея хабар берди «Euronews».

Ташкилот тақдим этган маълумотларга кўра:

  • 2019 йилда 2153 нафар миллиардер сайёрамизнинг 60 фоиз аҳолиси, яъни 4,6 миллиард кишидан бойроқ бўлган.
  • Сайёрамизнинг энг бадавлат 1 фоиз аҳолиси 6,9 млрд. кишидан (жаҳон аҳолисининг 92 фоизи) икки карра бойроқ.
  • Дунёдаги энг бой 22 нафар эркак Африкадаги жами аёллардан кўпроқ мол-давлатга эга.

Биз фақат бойларнинг толеи куладиган иқтисодий тизим доирасида яшаяпмиз, бойлар бойиб бораверади, эркакларнинг имкониятлари доим юқори. Бу тизим аёлларни ва қизларни, аҳолининг энг қашшоқ қатламларини эксплуатация қилишга қурилган.

Амитабх Беҳар,
Oxfam бошқарувчи директори

Дунё бўйича аёлларнинг 42 фоизи бола тарбияси ва кекса қариндошлари парвариши билан бандлиги боис ишга жойлаша олмайди, бу вазиятда эркакларнинг улуши — 6 фоиз.

«Харобада бир ўзинг болаларни тарбиялашинг жуда оғир. Кунига 1 доллар ишлаб топаман. Бу пул кунлик эҳтиёжларга етмайди. Баъзида оч қоринга уйқуга ётарканман, вужудимни умидсизлик эгаллаб олади», — дейди найробилик (Кения) аёл.

Oxfam ҳисоботида таъкидланадики, тенгсизликка қарши кураш токи сиёсий миқёсга чиқмас экан, бойлар ва қашшоқлар ўртасидаги жарлик катталашиб бораверади, ҳукуматлар «аёллар учун» иқтисодий тизимни, яъни аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинадиган, компаниялар ва бойлар солиқ тўлаши кафолатланадиган тизимни қуришлари шарт.

Инсонлар парвариши билан боғлиқ касбларда аёллар ишчи кучининг учдан икки улушини ташкил этмоқда. Ҳамширалар, энагалар, ижтимоий соҳалар ходимлари меҳнатига жуда кам ҳақ тўланмоқда, уларга жуда кам имтиёзлар берилади ва аксинча, иш соатлари кўпинча меъёридан ортиб кетади.

Сайёрамиз аҳолиси кўпайиб ва қариб бораётгани назарда тутилса, яқин йилларда юқоридаги касб эгаларига тушаётган босим янада кучаяди. 2030 йилга бориб 2,3 млрд. киши қаровталаб бўлиб қолади, бу 2015 йилдагидан 200 миллион нафарга кўпдир. Иқлим ўзгаришлари ижтимоий инқирозни янада кескинлаштиради — 2025 йилда 2,4 млрд. киши учун ичимлик суви улкан муаммога айланади. Бунинг залвори яна бечора аёллар ва қизларнинг нозик елкаларига тушади, аксарият қашшоқ ўлкаларда оилани сув билан таъминлаш — аёлларнинг иши...

Oxfam ташкилоти ҳукуматларни энг бой инсонлар ва корпорацияларни нисбатан жуда кам солиққа тортаётганликда айблади. Қолаверса, ҳукуматлар жамоат учун хизматлар ва инфратузилма ривожланишини етарлича молиялаштирмаяпти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг