Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Миллионларни «еб кетган» бош вазир устидан суд ҳукм чиқарди — Малайзия

Миллионларни «еб кетган» бош вазир устидан суд ҳукм чиқарди — Малайзия

Нажиб Раззоқ.

Фото: «Фокус»

Малайзия Олий суди собиқ бош вазир Нажиб Раззоққа қарши сурилган барча айблов моддаларини асосли деб топди. Ҳукуматнинг собиқ раҳбари давлат инвестиция фонди (1MDB)дан миллионлаб долларни ўзлаштириш ҳамда бошқа коррупцион жиноятларда айбланаётган эди.

Нажиб Раззоқ 20 йилгача қамалиши, етказилган зарарни беш ҳисса қилиб қоплаши ва ротанг таёқлари билан калтакланиши мумкин.

Нажиб Раззоқ давлат тараққиёт фондидан $9,8 миллионни ўзлаштириб олган.

1MDB таркибидаги «SRC International» компаниясига қарашли 42 миллион ринггит ($9,8 млн.) Нажиб Раззоқнинг шахсий ҳисоб-рақамида топилганидан сўнг унга қарши суриштирув бошланганди. Тергов далиллашича, «SRC International» берган кредитларга ҳукумат кафолатини тақдим этиш учун Нажиб бош вазир лавозимидан фойдаланиб пора олган.

Бу пуллар келиб тушган ҳисоб-рақамларидан Нажиб ўз уйини таъмирлагани, хотинига «Chanel» соати совға қилгани ҳамда сиёсий партияларга тўловлар амалга оширилгани ҳақида далиллар келтирилган.

Нажиб Раззоқ эса айбига иқрор бўлмаяпти, айтишича, «молиявий ўйинлар» уни чалғитган маслаҳатчиларнинг иши. У душанба куни фейсбукда қолдирган ёзувида агарда айбдор деб топилса апелляция беришини маълум қилганди.

Маълумот учун: Нажиб Раззоқ Малайзияни 2009—2018 йилларда бошқарган. Давлат тараққиёт фонди — «1 Malaysia Development Berhad» (1MDB)га 2009 йили асос солинган. 2015 йилга келиб, фонд банклар ва облигация эгаларига тўловларни кечиктира бошлаганидан кейин ғалвир сувдан кўтарила бошлади. Малайзиялик ва америкалик экспертларга кўра, фонддаги қарийб 4,5 миллиард АҚШ доллари еб кетилган.

АР хабарига кўра, бу бошланиши — собиқ бош вазир устидан судларнинг биринчиси. Унга қарши яна 42 та айбловни ўз ичига олган тўртта иш очилади.

Яна бир маълумот: Нажиб Раззоқнинг қизи — Нуриан Нажиб Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни — Дониёр Кесикбаев билан 2015 йили турмуш қурган. Бир йилча аввал Малайзия суди солиқларни тўламай келган Нурианга қарши иш очганди.

Фото: «Mail.ru»
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг