Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мун Чжэ Ин: корейс халқи Ўзбекистондан жуда миннатдор

Мун Чжэ Ин: корейс халқи Ўзбекистондан жуда миннатдор

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон ОАВга интервью берди.

Президент ўз интервьюсида корейс халқи Ўзбекистондан жуда миннатдор эканини таъкидлади.

— Аввало, корейс халқи Ўзбекистондан жуда миннатдор эканини алоҳида таъкидамоқчиман. Ўзбек халқи бундан саксон йиллар олдин бошпанасидан айрилган корейс миллатига мансуб фуқароларни ўз бағрига олди. Ўша вақтда Ўзбекистон ва унинг аҳолиси Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан боғлиқ мураккаб даврни бошдан кечирганини ёдга оладиган бўлсак, миннатдорлик туйғуси янада ортади. Корея Республикаси машаққатли йилларда беминнат ёрдам қўлини чўзган ўзбек халқига чуқур ҳурмат-эҳтиром ва дўстлик туйғуси билан қарайди.

1992 йилда, Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганининг кейинги йили мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Икки давлатнинг бундай жадал яқинлашуви асосида дўстлик ва ўзаро ишонч муносабатлари мужассам эди. Мамлакатларимиз ўртасидаги алмашинувлар кенгайиб, энергетика, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати, логистика, ахборот технологиялари ва молия соҳаларида жадал ривожланди. Ўтган йили ўзаро савдо ҳажми мамлакатларимизнинг алоқалари тарихидаги максимал кўрсаткич — 2,1 миллиард АҚШ долларига етди.

Шунингдек, давлат раҳбарлари даражасидаги мулоқотлар ҳам фаол ривожланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев билан биргаликда халқ ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлган давлат бошқаруви фалсафасига амал қиламиз, шахсий муносабатларимиз ҳам яқин дўстлик ва биродарлик руҳида мустаҳкамланиб бормоқда.

Мамлакатларимиз биргаликда яратаётган келажакка катта умид билан қарайман. Халқларимизнинг бир-бирига ишончи ва самимий туйғулари чуқур илдиз отади, амалдаги ҳамкорлик тажрибаси эса, унинг келгуси равнақига хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Евроосиёнинг тинчлиги ва муштарак тараққиётини таъминлаш йўлида ҳамкорлик қилишига ишонаман, — деди Корея президенти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг