Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қирғизистон - Тожикистон чегарасидаги отишмадан бир чегарачи вафот этди. У ерда нималар бўляпти?

Қирғизистон - Тожикистон чегарасидаги отишмадан бир чегарачи вафот этди. У ерда нималар бўляпти?

Фото: «Global Look Press»

Кеча, 16 сентябрь, душанба куни Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасида отишма рўй берди. Қирғизистон давлат чегара хизмати томонидан хабар қилинишича, отишма оқибатида бир чегарачи вафот этган.

«Тожикистон томони биринчи бўлиб қуролни ишга солди ва Қирғизистонга тегишли Максат чегара постини ўққа тутди. Кейин эса Баткен вилояти, Лайлак туманидаги Сой вақтинча пости ҳам ўққа тутилган. Дастлабки хабарларга кўра бир чегарачи вафот этган», — дейилади баёнотда.

Қирғизистон томони берган маълумотга кўра, отишма келиб чиқишига тожикистонлик фуқаро томонидан чегаранинг келишилмаган қисмида қурилиш ишлари олиб борилгани сабаб бўлган. «Бунга жавобан Қирғизистон фуқароси ҳам ушбу ҳудудда жойлашган ўз уйи ҳовлисида қурилиш ишини бошлаган», — дейилади хабарда. Қирғизистон томони даъвосига кўра, бунга жавобан тожик чегарачилари «тажовузкор оҳангда қурилишни тўхтатишни талаб қилган». Оқибатда аввал даҳанаки, кейин эса ростмана жанг бошланиб кетади.

Тожикистон миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари матбуот маркази томонидан берилган хабарга кўра, отишма натижасида бир неча тожик фуқаролари яраланган.

«Аввал имзоланган шартномаларга зид ҳолда 16 сентябрь, кеч соат 18:45да Сўғд вилоятининг Бобожон Ғофуров тумани, Овчи-Калач қишлоқ жамоатига тегишли Баҳор маҳалласи спорт майдончасида номаълум бино қурилиш ишлари бошланган. Бу ноқонуний ҳаракат Тожикистон фуқароларига ёқмаган ва улар қурилишни тўхтатиш талабини илгари суришган», — дейилади хабарда. Тожикистон томонидан маълум қилинишича, Қирғизистон ҳарбийлари можаро жойига қўшимча 250-300 нафар ҳарбийни юборган ва улар «провокацион ҳаракатларни амалга ошириб, соат 19:00да Баҳор маҳалласининг қуролсиз аҳолиси томон ўт очишни бошлаган. Натижада Тожикистон фуқароларидан бир нечаси ўқотар қуролдан яраланган».

Тожикистон томони берган баёнотда айтилишича «Қирғизистон чегарачилари томонидан амалга оширилган провокацион ҳаракатлар давлат чегарасида вазиятни сунъий йўл билан издан чиқаришдан иборат», деб баҳоланмоқда. Айни вақтда ҳар икки давлатдан ҳукумат вакиллари аҳоли орасида бўлиб турибди ва вазиятни изга тушириш учун тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Қирғизистон - Тожикистон чегарасида бир неча бор можаро келиб чиққан эди. Ҳар икки давлат ўртасидаги чегара 970 километр узунликка эга бўлиб, шу вақтга қадар 519 километри борасида келишувга эришилган.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг