Ошо ҳикматлари: болани тўғри жавоб беришга ўргатманг...
Ҳинд файласуфи Ошонинг (асл исми Чандра Мохан Жей) «Ижод», «Сир», «Комиллик сарҳадлари» деб номланган машҳур асарларини ўқиб, ён дафтаримга унинг қуйидаги фикрларни ёзиб қўйганман...
- Худосиз дунё – телба дунё. Худосиз одамда ҳеч вақо – на маъно, на моҳият бўлади. У ҳатто нарса ҳам эмас. ХХ аср Худосиз аср бўлди. Тарихда бу асрдан кўра телба аср бўлган эмас. Энг оғир гуноҳлар, қирғинбаротлар шу асрда содир этилди.
- Эшитмоқ, тингламоқ Худо қасрига киришнинг муҳим сирларидан бири.
- Донишмандлардан кўра доноликка даъвоси бўлмаган оддий кишилар Худога яқинроқ бўладилар
- Ижодкор мўъжиза яратмайди, ярата олмайди ҳам. У шунчаки воситачи. Мўъжиза яратиш, яъни йўқдан бор қилиш – Худонинг иши.
- Ижодкор ҳеч ким кўрмаган нарсани кўради, ҳеч ким эшитмаган сасни эшитади.
- Оқиллик ёнида бир оз телбалик ҳам бўлиши керак. Даҳо даражасига етган кишида ҳам қай бир имконият уйғонмай қолиб кетган бўлади.
- Шоҳ Жаҳон шерозлик ҳайкалтарошни ҳузурига чорлаб, ундан ғоят гўзал ҳайкал яратиб беришни илтимос қилди. Ҳайкалтарош шоҳга: «Сен йигирма бешта канизагингни парда ортига олиб кел, мен уларнинг қўлини ушлаб, биттасини танлайман ва ўша танлаганимнинг ҳайкалини ясайман. Агар ҳайкал ўша канизакка ўхшаса, мен унга уйланаман, деди. Ҳайкал битди, уни кўриб шоҳ донг қотиб қолди...
- Подшо боққа ишқибоз экан. Устозидан маслаҳат олиб, уч йил тер тўкиб, заҳмат чекиб, гўзал боғ яратибди. Устози: «Қани боғ, мен уни кўрмаяпман, қани дарахтларнинг ерга тўкилиб ётган барглари, қани синган, қурий бошлаган шохчалари? Бу боғ ҳақиқий эмас, сунъий боғ бўлиб қолибди», дебди.
- Балиқ қармоққа илиниб, қирғоққа отилганидагина сувнинг қадрига етади.
- Инсон ўз менини яратмайди, у ўз «мен»и билан туғилади. «Мен»ни яратиш ҳам Аллоҳнинг иши.
- Иззат-нафс бор жойда ижод ўлади. Иззат-нафс қулига айланган одам ҳеч қачон ижодкор бўлолмайди.
- Фан оламни иккига бўлади: англанган ва англанмаган дунё. Англанган нарсалар бир вақтлар англанмаган нарсалар эди. Эйнштейн «Бир кун келиб англанмаган нарса қолмайди» деган ва кейинчалик бу хатосини ўзи тузатган.
- Билиш – билмасликка олиб келади.
- Ўтмишидан қутулмоқчи бўлган одам келажагидан ҳам айрилади.
- Болани тўғри жавоб беришга ўргатманг. Қандай жавоб беришни ўзи қидириб топсин.
- Жамият алоҳида қарашга эга кишиларни ёқтирмайди, улардан қўрқади. Ҳамма анъанавий фикрласин, ўзгача бўлмасин, савол беравериб, бошимизни қотирмасин, дейишади. Жамият шундай фикрлайдиган, саволи йўқ, танқидий тафаккурсиз одамлардан иборат бўлса, унда улар подага айланади. Подани подачининг таёғи бошқаради. Таёқ зарбидан қўрққан сигирлар тўдадан ажралмайди, тўда қаёққа юрса – шу ёққа юради. Бундай жамиятнинг ривожланиши қийин.
- Инсоният тарихидаги барча буюк зотлар ўз жамияти қолипларига сиғмаган шахслардир. Қаҳрамонларнинг аксарияти қўрқоқ бўлишга журъати етмаган кишилардир.
- Никоҳдан ўтиш – жамиятнинг талаби экан, уни бажар, албатта. Аммо никоҳдан ўтгач, хаёлингга «У энди меники», деган фикрни йўлатма. У бирор буюм эмаски, сеники бўлса. Сен аёлга хўжайинлик қилишни бошласанг, у ҳам сенга хўжайинлик қилишни бошлайди. Оқибатда на унда ва на сенда севги қолади (бошқа бир китобда ўқиганим: «Аёлни Аёл мақомида ҳурматланг, хотин даражасига тушириб қўйманг»).
- Она қорнидаги ҳаёт. Ҳомилага нима керак бўлса, ҳаммаси муҳайё. Ҳеч нарсага эҳтиёж йўқ. Ғам-ташвиш йўқ. Она ҳомиласи учун таом ейди, ҳомиласи учун нафас олади. Яшаш учун бундан қулай бошқа ҳеч жой йўқ. Аммо она қорнида яшаш – бу яшаш эмас. Ҳаёт ҳамиша ташқи оламда.
- Кийимнинг йиртиғини ёпиш учун унга қанча кўп ямоқ солинса, йиртиқлиги шунча кўп ошкор бўлади.
- Ривожланишдан сўнг турғунлик юзага келади. Бу эса янги ривожланиш заруратини келтириб чиқаради.
- Шарқ ботин ҳақида ўйлайди, Ғарб эса бугунни.
- Энг зўр технология яхши ниятли одамлар қўлига тушса бахт келтиради. Ёмонлар қўлига тушса кулфат олиб келади.
- Одам ҳамиша ўзига ўзи савол бериб туриши керак. Жасоратли одамларгина шундай қила оладилар.
- Инсонда фақат битта – ўз «мен»ини йўқотиб қўйиш қўрқуви бор. Ҳар қандай шароитда ўзини идора қилишга қодир кишиларда қўрқув бўлмайди.
- Миянгизни ишлатинг, уни ёритинг, бу ёришувдан баҳра олинг. Аммо... унда бутунлай қолиб кетманг.
- Сиз ўзингизни билимдон деб ҳисоблайсизми? Кўп нарсани билишингизга ишонасиз. Аммо бошқа бир билимдон кишига дуч келганингизда сизнинг билимингиз эриб, буғга айланиб кетади.
(А.Мелибоевнинг «Сиз ёзмаган китоб»идан)


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter