Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Озодлик ёки ўлим»...

«Озодлик ёки ўлим»...

Фото: TCH

Дунё харитасида беқарорликларнинг яна бир қайноқ нуқтаси пайдо бўлаяпти. Бу – 7,4 миллион аҳолига эга Гонгконг ёки хитойчасига Сянган. Бу ердаги норозилик намойишлари мана беш ойдирки, узлуксиз давом этмоқда.

Биргина 18 август куни 1,7 миллион аҳоли кўчаларга байроқ кўтариб чиқди. Қора рангни танлаган радикал намойишчилар эса «озодлик ёки ўлим шиори» билан чиқишмоқда.

Улар юзларига ниқоб ўраб олишган, кўзларига кўзойнак тақишган, бошларига сариқ рангли қурилиш маскасини кийишган, ўз ҳаракатларини асосан «Телеграм» мессенжери орқали мувофиқлаштирмоқда. «Twitter» вакилларининг айтишича, Гонгконгдаги воқеаларга бевосита алоқадор 200 минг аккаунт ёпиб қўйилди.

Безорилар полиция участкаларига ҳужумлар уюштирмоқда. Кўчаларни тўсиб қўйиб, иш ташлашлар ўтказяпти, барча транспорт ҳаракатларини тўхтатиб қўйишган. Гонгконгни Хитой билан боғловчи тоннелни, бир муддат Осиёдаги энг йирик халқаро аэропорт ишини ҳам тўхтатиб қўйишди.

Полиция кучлари намойишларни тартибсизликларга айлантираётган гуруҳларни ҳар сафар бостиришга уринмоқда. Ҳозирга қадар мингга яқин киши ҳибсга олинган. 200 полиция ходими жиддий жароҳат олди. Полиция уларни тарқатиб юбориш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланмоқда.

Осиё молия марказида рўй бераётган бу галги беқарорлик 1997 йилдан буён яъни Британия уни Хитой ихтиёрига қайтарган даврдан буён энг давомлиси ва энг хавотир уйғотадигани экани билан ажралиб турибди.

Фото: TCH

Қонун – бир баҳона...

Бу галги нотинчликлар бошланишига экстрадиция тўғрисидаги қонун лойиҳаси сабаб бўлди.

Гонгконг ҳозирда дунёнинг 20та мамлакати билан экстрадиция ҳақидаги битимни имзолаган бўлиб, улар орасида Хитой йўқлигини Пекинни жаҳлини чиқармоқда. Чунки, ўз таркибидаги ҳудудда унинг ҳуқуқий таъсир чоралари ишламаслиги ёқмаяпти.

Ҳозир қидирувда бўлган, лекин қўлга тушган шахсларни Хитойга топширишнинг ҳар бир ҳолати бўйича парламент мажлисларида алоҳида муҳокамалар ўтказилади. Бу камида икки-уч ойга чўзилади. Бу вақтда жиноятчи истаган томонига жуфтакни ростлаб қолиши мумкин ва қонунда уни тутиб туришга тўсқинлик қиладиган меъёр йўқ.

Янги ҳужжатнинг кучга кириши билан Чин ўлкасида қидирувда бўлган ва қонунларни бузган шубҳали шахслар Гонгконгда тутилса, Хитойга зудлик билан топширилиши керак эди. Бунинг учун у ёки бу шахснинг айбдорлигига ишончли факт бўлса етарли ва Гонгконг маъмурияти раҳбарининг оддий қарори кифоя қиларди.   

Гарчи халқнинг қаршилиги туфайли кейинроқ қонун лойиҳаси умуман бекор қилинган бўлса-да, намойишлар тўлқинини бостиришнинг имкони бўлмаяпти. Энди оламон шаҳар маъмурияти ва Пекин раҳбарларига қарши умумий ҳаракатлар учун оёққа қалқмоқда. Қўлларида Британия ва АҚШ байроқларини кўтариб олишган.

Шу сабабли Хитой бу қалтис ишлар ортида АҚШ ва Британия қўли борлигини, воқеаларни эса «рангли инқилоб», деб баҳоламоқда.

Фото: aftershock

Полиция намойишчиларнинг беқарорлик келтириб чиқаришда, жамоат тартибини бузишда, зўравонликларни амалга оширишда, журналистлар ва сайёҳларга қарши ҳужум қилаётганликда айбламоқда.

Гонгконг маъмурияти раҳбари, ушбу қонунчилик ташаббуси билан чиққан Кэрри Лам хонимнинг айтишича, айни пайтда шаҳарда тартибсизликлар ва саросима муҳити ҳукмрон.

Аҳоли қонунни бекор қилиш билан чекланмаяпти. Энди Кэрри Лам хонимни хитойликларга сотқинликда айблаб, истеъфога кетишини, халққа куч ишлатган полиция вакилларининг барчаси жазоланишини талаб қилмоқда.

Хитойнинг Гонгконг ва Макао ишлари бўйича бошқармаси намойишчиларни террорчиларга тенглаштирди ва оғир жиноятлар қонунчиликка кўра оғир жазоланиши билан огоҳлантирди.

Айрим экспертлар инқилобий тусдаги чиқишларда АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси турганини ишонч билан айтишмоқда.

Намойишлар бошланишидан бир муддат олдин АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ва кўзга кўринган конгрессменлар гонгконглик мухолифат вакилларини қабул қилган. АҚШнинг Гонгконгдаги бош консуллиги ходимаси Жули Иде билан учрашган бузғунчи кучлар эса бирдан фаолликни оширган.

Оламон «Гонгконг бу Хитой эмас, биз Хитойнинг оддий бир шаҳри бўлишни истамаймиз», деб шиорлар кўтариб олишмоқда. Улар Британия ва Хитой ўртасида имзоланган битим муддати 2047 йилда тугашини, унга қадар ўз мустақилликларини сақлаб қолишни режалаштирмоқда.

Ўша ҳужжатга кўра Гонгконг ҳукумати мудофаа ва ташқи сиёсатдан бошқа барча масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқига эга. Хитой эса бунча узоқ вақтни кутиб ўтирмасдан уни ўз таркибига тезроқ интеграция қилишни истайди.

Шунча ишдан кейин Гонгконг раҳбари Кэрри Лам хоним ишдан кетадими-йўқми ҳозирча номаълум. Гонгконг маъмурияти раҳбари умумий сайловларда сайланмайди, балки турли ижтимоий ва корпоратив гуруҳларни намоён этадиган 1200 вакил томонидан сайланади. Энг муҳими, у Хитой билан яхши муносабатларга эга бўлиши лозим.

Хоним муқаддам сиёсат билан шуғулланмагани ва омма билан мулоқот қила олиш тажрибаси камлиги сабабли бошқарувга қобиллигини шубҳа остига қўйди.   

Тартибсизликлар ортида АҚШ турибдими?

Хитойнинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Чжан Ханхуэй эса бу ишлар ортида Гонгконгда «рангли инқилоб»лар ўтказишга урунаётган Ғарб давлатлари турганини, бу орқали Хитой тараққиёти учун жиддий мураккабликлар туғдириш ниятлари борлигини билдиришди.

«Гонгконг – бу Америка ёки Англиянинг эмас, балки Хитойнинг Гонгконгидир. Биз бошқаларни ўз бурнимиз тагида ички ишларимизга аралашишига йўл қўя олмаймиз. Ўз манфаатларимизни, ҳудудий яхлитлигимиз ва суверенитетимизни қатъий ҳимоя қилиш учун етарли имконият ва иродага эгамиз», дея таъкидлади дипломат.

Аслида Гонгконгга ҳужум 2014 йилда Обама томонидан бошланган, бироқ Украина инқирози қалқиб чиққач, Вашингтон асосий эътиборини Шарқий Европага қаратишига тўғри келган эди.

Фото: Bloomberg

Албатта, ҳозир АҚШ ва Хитой ўртасида савдо урушининг янги босқичи бошланмоқда. Бундай шароитда Вашингтон сиёсатчилари ва дипломатлари Гонгконгдаги мухолифатни фаол қўллаб-қувватлашдан, бу орқали мамлакатда тартибсизликлар келтириб чиқаришдан манфаатдордир.

Буни президент Дональд Трампнинг «Осмон ости ўлкаси»га бераётган икки томонлама зарбаси деса ҳам бўлади. АҚШнинг Хитой маҳсулотлари импортига киритган кўп юз миллиардли божи Пекин иқтисодиётига қаттиқ босим бўлиб иқтисодий ўсиш суръатлари секинлашмоқда, маҳсулот экспорти ҳажми қисқармоқда.

Хитой марказий ҳукуматининг Гонгконгда ўз таъсирини кучайтиришга интилиши эса компартиянинг махсус район автономиясини босқичма-босқич камайтириб борилишига ўзига хос ишора ҳамдир.

АҚШ Президенти Хитой қўшинлари Гонгконг ҳудуди томон ҳаракатланаётганини маълум қилди ва барча томонларни хотиржамлик сақлашга чақирди. «Ишонаман, раис Си Цзиньпин агар мухолифат вакиллари билан музокаралар олиб борса, бу муаммони тезда ҳал қилишга қодир», деди у. Трамп агар унинг айтгани бўлмаса, қатъий чоралар кўришга тўғри келишини ҳам қистириб ўтди.

АҚШ Вакиллар палатаси аъзолари эса расмий Пекинни Гонгконгдаги чиқишларни ҳар қандай бостиришдан воз кечишга чақирди. Конгресс акс ҳолда Гонгконгга АҚШнинг энг қулай шартларда савдо ва инвестиция операциялари ҳуқуқи тақдим этиш орқали имтиёзли савдо шериги мақомини бериш таклифини илгари сурмоқда.

Бу барча жараёнлар Хитой иқтисодиётига салбий таъсир ўтказмай қолмаяпти. Гонгконг Осиёнинг энг йирик молия маркази бўлиши баробарида, Жанубий Хитойнинг муҳим савдо-транспорт чорраҳасида жойлашган.

АҚШ навбатдаги савдо музокаралари олдидан устун позицияга чиқиб олмоқчи ва ўзига мақбул шартларни ўтказиш пайида. Трамп америкаликлар учун манфаатли шартномани имзолай олса, келгуси йилдаги сайловлар олдидан кучли сиёсий диведентларга эга бўлади.

Намойишчиларнинг аксарияти эса Британия маъмуриятини ёрдамга чорлаб, Хитой билан имзоланган битимни бекор қилишга чақирмоқда. Чунки Пекин унинг бандларини бажармаяпти.

Расмий Лондон ҳам ўзининг 150 йиллик мустамлакаси бўлган Гонгконг аҳолиси учун Британия фуқаролиги берилишини енгиллаштириш таклифини илгари сурмоқда.

Европа Иттифоқи эса зиддиятни кучайтирмасликка, ҳукуматнинг зўравонликлардан тийилишга чақирмоқда. «Фуқаролар ўзларининг йиғилиш ўтказиш бўйича фундаментал ҳуқуқларидан фойдаланмоқда. Уларга нисбатан мақбул бўлмаган зўравонлик ҳаракатлари қўлланилгани кузатилди», деб баёнот берди.

Бостириб кириш – Хитой зарарига ўйнайди

Агар Гонгконгда иш урушга қадар етиб борса, Хитойнинг денгиз орқали замонавий Буюк Ипак йўлини яратиш ғояси, кўп миллиардли лойиҳалари чиппакка чиқади. 50 триллион долларлик бозорларни қамровчи Осиёда эркин савдо зонасини яратиш мақсади ҳам амалга ошмай қолади.

Бундан ташқари, Гонгконг мустақил суд тизими орқали Ғарбнинг улкан капитали ва молиясини Хитой бозорига асосий оқимини таъминлаб келмоқда. Унинг АҚШ таъсир доирасига ўтиши ёки ўзи томонидан эгаллаб олиниши ушбу молиявий имконият ва салоҳият йўлига ғов бўлади.

Хитойга АҚШ бошчилигида халқаро санкциялар қўлланишига олиб келади. Аввалроқ махсус хизматларга алоқадорликда айблаб, Хитойнинг смартфонлар ишлаб чиқарувчи «Huawei» компаниясига нисбатан киритилган санкциялар бунга яққол мисолдир.

Хитой учун энг хатарлиси, Пекиннинг босқинчилик сиёсатига қарши Жанубий ва Жануби-шарқий Осиё минтақасида АҚШга хайрихоҳ ўзига хос ҳарбий альянс вужудга келиши мумкин.

Шу сабабли ҳозирги босқичда Хитойнинг Уйғур автоном ҳудудидаги инсон ҳуқуқларига зид ҳаракатларига ҳам Ғарб босими ошаётган шароитда Гонгконгга нисбатан куч ишлатилиши расмий Пекинни сиёсий жиҳатдан боши берк кўчага киритиб қўяди.

Бироқ у тартибсизликларга узоқ вақт қўл қовуштириб ўтириши ҳам аҳолида турли саволларни келтириб чиқармоқда. Расмий Пекиннинг маълум қилишича, Хитой халқ озодлик армияси Гонгконгда ўз горнизонига эга бўлиб, намойишлар чоғида улар ўз казармасидан чиқмади.

Гарнизон қўмондони Чэнь Даосян эса ҳарбийларни шаҳарнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашга тайёр туришликка буйруқ берган.

Фото: Bloomberg

Бироқ полиция бунчалар катта тартибсизликларни мустақил ўзи бостира олишга қодир эмаслиги ойдинлашмоқда. Кучишлатар тизимларнинг акцияга аралишиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Хитойнинг Британиядаги элчиси Лю Сяоминнинг айтишича, Пекин тўлқинни тезгина бостириш учун етарлича кучга эга. «Вазият мураккаблашса, марказий ҳукумат четда томошабин бўлиб ўтира олмайди», деди у.

Хитойлар ҳарбийлар Гонгконг чегарасида кенг кўламли ҳарбий машқларни бошлаб юборишган. Бироқ уларнинг Гонгконгга кириши, маҳаллий аҳоли томонидан «бостириб кириш», деб баҳоланиши мумкин.

Вазиятни ҳозирча «жамоат тартиби масаласи» деб баҳолашмоқда. У қачонги «миллий хавфсизликка ва мамлакат бўлинишига таҳдид» деб таърифланса, армия қўлланилади. У ҳолатда Гонгконгда автоматик тарзда Хитойнинг қонунлари жорий этилади.

Хитой 1989 йилда Пекиндаги Тяньаньмэн майдонида намойишчи талабаларни танклар ёрдамида бостирган ва оқибатда юзлаб одам нобуд бўлганини ёдга олсак, ҳозирги ҳукумат ҳам чорасиз қолганда «юмшоқ кучлар» сиёсатидан воз кечиши мумкин.

 Ғарб Хитойдаги «бир мамлакат – икки тизим» формуласи иш бермаганини, аксинча бу тамойил кун сайин емирилиб бораётганини баралла жар солаётган пайтда ҳар қандай уруш шу тамойил асосида Тайван қайтаришга бўлаётгани урунишларни пучга чиқаради. Чунки бу тамойил инсонларга зид, тинчликдан йироқ, деган кайфият ҳосил қилинади.

Гонгконг нуфузи тушмоқда

Гонгконг жаҳондаги энг хавфсиз шаҳарларидан бири, глобал бизнес маркази, пул ювишнинг энг қулай ва жозибадор манзилларидан бири бўлиб, бу ерда охирги 8 йилда шубҳали трансакциялар миқдори 4 баробарга ортди ва йилига 100 мингтани ташкил қилмоқда. Триллион долларлик пул айланмаси қайд этилади.

У хорижий инвестициялар ва компаниялар учун тинч қўналға мақомини йўқотиб бормоқда. Ҳар куни 1,6 миллиард долларлик капитал асосан Сингапур, Тайван, Вьетнам, Малайзия ва Индонезияга чиқиб кетмоқда. Аҳоли турмуши ёмонлашиб, маошлар қисқармоқда, ижтимоий ва иқтисодий тенгсизлик сезиларли ўсди. Гонгконг иқтисодиёти ўтган 5 ойда 20 миллиард доллар зарар кўрди.

Ҳозирда намойишчиларнинг аниқ бир мақсади йўқ ва муайян етакчига ҳам эга эмас. Улар келтираётган катта зарари, кўплаб инвесторлар шаҳарни тарк этаётгани сабабли аксарият маҳаллий аҳоли эндиликда исёнчилардан узоқлашмоқда.

Гонгконглик бойлар ҳам тинчликка қайтишни хоҳламоқда. Хусусан, дунёдаги энг бой кишилардан бири, 30 миллиард долларга эга гонгконглик Ли Кашин зўравонликлар ва ҳукуматга қарши оммавий намойишларни тўхтатишга чақирди. Чунки у ўтган вақт давомида 3 миллиард доллар маблағ йўқотди. Агар бошбошдоқликлар давом этаверса, бой қатлам вазиятни бостириш учун Пекиндан ҳар томонлама ёрдам сўраши ҳам мумкин.  

Л.Ҳасан ўғли

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг