Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Партиядошлар бир-бирини обрўсизлантирмоқда

Партиядошлар бир-бирини обрўсизлантирмоқда

Фото: «russian.rt.com»

АҚШда 2020 йил 3 ноябрда бўлиб ўтажак президентлик сайлови учун партиялар ўз номзодини аниқлаштириб олиш жараёни қизғин кечмоқда.

3 февралда Айовада демократик партия фаоллари йиғилиши бўлиб ўтади ва делегатларни сайлашади. 2020 йил 13-16 июлда эса Висконсин штати Милуоки шаҳрида демократларнинг миллий қурултойи ўтказилади. Айнан шу ерда Дональд Трампнинг сайловдаги рақиби аниқланади.

Ҳозир демократик партиядан қатнашаётган 20 нафар номзод орасидан Жозеф Байден яққол етакчилик қилаётган бўлса, Элизабет Уоррен, Камала Ҳаррис ва Берни Сандерс ҳам унинг ортидан изчил таъқиб қилиб бораяпти.

Ҳозир демократ номзодлар 10 нафардан икки гуруҳга бўлинган ҳолда дебатларни қизитмоқда. 5 ой давом этадиган бу баҳслар кучлиларни саралайди. Куни кеча Нью-Йорк штатидан сенатор Кирстен Жиллибранд ўйиндан чиққанини билдирди.

Баҳсларда демократларнинг барчаси Трамп олиб бораётган номақбул миграция сиёсати, соғлиқни сақлаш ислоҳотларининг зарурияти, иқтисодиётнинг бир ёқлама ривожланаётгани, жамиятда ирқчилик унсурларининг кучайиб бораётгани, қурол-яроқни чеклаш кераклиги ҳақида баралла гапирмоқда.

Ҳозир партия ичида кечаётган дебатларда демократлар, айниқса Харрис ва Клобушар бир-бирини қаттиқ обрўсизлантираётгани кузатилмоқда. Бундан ташқари, Берни Сандерс ўзининг қатъий позицияси билан тобора кучайиб бораяпти.

Сиёсатчи Брэд Бэнноннинг айтишича, ҳозирда Сандерс учун энг катта муаммо Элизабет Уоррен хонимдир. «У Берни сайлов кампаниясидан барча кислородни тортиб олиши мумкин. 2016 йилда Бернини қўллаб-қувватлаган тараққийпарвар сайловчиларни хоним ҳозирда ўз томонига оғдира бошлади».

Ҳозирда демократик платформада фарқланувчи яна бир жиҳат шундаки, партиянинг кўплаб номзодлари ўрта ва кичик ёшдаги кишилардир. Партия етакчилари ҳақиқатдан ҳам ёшариб бормоқда. Лекин тажрибали Байден ва Сандерс каби уларнинг асосий устунлари ва энг қудратли кучлари кекса авлодга тегишли ва етмишни қоралаб қўйишган.

У 2015 йилда бўлажак президентлик сайловларида ҳам ўз номзодини илгари сурган эди. Аммо 2016 йил 12 июлда Хиллари Клинтонни қўллаб-қувватлашини эълон қилди ва мусобақадан ўз номзодини чақириб олди.

Берни Сандерс. Фото: fondsk.ru

Довюрак халқ номзоди

Вермонт штатидан сенатор Берни Сандерс 1921 йилда Польшада Нью-Йоркка келган камбағал яҳудий иммигрантлар оиласида катта бўлди. Чикаго университетининг сиёсатшунослик йўналишида таҳсил олган. Шундан кейин бир муддат Исроилга кўчиб кетиб, ўша ерда яшаган.

У 1981-89 йилларда Берлингтон шаҳри мэри этиб сайланди. Тўрт марталик бошқарув даврида у шаҳарни мамлакат миқёсида одамлар яшаши учун энг қулай ва кўркам кентга айлантира олди.

1991-2007 йилларда АҚШ Вакиллар палатаси аъзоси, 2007 йилдан сенатор бўлган. 2013-15 йилларда Сенатнинг Ветеранлар ишлари бўйича қўмитасини бошқарди.

1988 йилда Жейн О’Мира Дрисколл билан турмуш қургач, асал ойини СССРнинг Яраславл шаҳрида ўтказгани ҳам диққатга молик. Чунки Берлингтон ушбу шаҳар билан биродарлашган мақомига эга бўлган эди. Лекин ҳар бир сиёсатчи ҳам икки рақобатлашаётган давлат шароитида бундай мураккаб қадамни қўйишга ботина олмас эди.

Шу билан бирга Вашингтоннинг Никарагуа билан муносабатлари зиддиятли нуқтада бўлганига қарамай, шаҳар мэри сифатида ушбу давлатга сафар уюштириб, ҳатто мамлакат президенти билан ҳам учраша олган довюрак шахсдир.

Сандер Флоридада ўтган илк дебатда у узоқ тайёрлангани, маълумотларни диққат билан ўргангани, АҚШдаги ички манзаранинг яққоллиги, керакли сўзларни ва тушунчаларни аниқ қўллаши, томошабинларнинг ҳиссиётлари билан ҳисоблашиши, жўшқин кўриниши билан рақибларидан ажралиб турди. 

Америкаликлар социализм тарафдори

Ўрганишлар АҚШда социализм ғоялари тобора оммалашиб бораётганини кўрсатмоқда. Масалан, «Америка демократик социалистлари» ташкилоти аъзолари сони 2016 йилда атиги 7 минг бўлган бўлса, айни пайтда 55 минг кишига етди.

«Демократик социализм» сиёсий концепцияси социализмнинг бир партияли тизимга ва иқтисодиётда давлатнинг етакчилик ролига асосланган марксча-ленинча йўналишидан тубдан фарқ қилади. Бунда давлат миллиардерларнинг эмас, балки оддий одам манфаатларини ифода этади.

Ишчилар ва ўрта синф манфаатларининг ҳимоячиси сифатида майдонга чиқаётган Берни Сандерс ҳам социал-демократиянинг скандинавча моделини қуриш тарафдоридир.

Фото: thenation.com

Унинг дастурида сўл радикализм кучлилиги билан ажралиб туради. Яъни, у радикал ўзгаришлар тарафдори бўляпти. У дунёда сўнгги юз йилликдаги барча балолар ортида йирик маблағлар, биринчи навбатда АҚШ капитали турганини эълон қилди. У жамият асосларини қайта кўриб чиқишга, уни ижтимоий йўналтирилишини кучайтиришга, аҳоли даромадларини тенглаштиришга чақирмоқда.

У «АҚШ иқтисодиёти фақат бойлар учун эмас, балки барча учун ишлаши керак», деган шиорни илгари сурмоқда. Бошқалардан фарқли равишда у социализмда шунчаки бошловчи эмас, балки барча йўналишлар бўйича катта тажрибага эга ва концепцияни қандай қуришни яхши биладиган шахсдир.

Масалан, у энг бадавлат ва қашшоқ қатлам ўртадаги иқтисодий тафовутни камайтириш мақсадида 2015 йилдаёқ федерал энг кам иш ҳақини 2020 йилга бориб, 15 долларга кўтариш бўйича қонун лойиҳасини илгари сурган эди. Ҳозирда бу миқдор мамлакат бўйича ўртача 7,5 долларга тенг. Гарчи ҳужжат қабул қилинмаган бўлса-да, миллионлаб қуйи қатлам вакиллари томонидан бу фикр катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Сандерс «хеж-фондлар ва корпорацияларга тақдим этилган солиқ имтиёзларини бекор қилиш, аксинча капитал кўпайганда солиқлар юкини ошириш тўғри бўлади», деб ҳисоблайди. Энг бойлар учун энг юқори солиқ ставкасини, яъни 90 фоиз даражасида қўллаш ниятини яширмаяпти.

«Amazon» каби компаниялар миллиардлаб доллар фойда олгани ҳолда бюджетга бир цент ҳам федерал даромад солиғи тўлмаслигини кескин танқид қилди.

«Солиқ декларациясига мувофиқ ўтган икки молия йилида  «Amazon» ҳақиқатдан ҳам федерал бюджетга бир цент ҳам тўлмаган. Ваҳоланки, 2018 йилда 11 миллиард доллардан ортиқ фойда топган. Аксинча, бюджетдан 137 миллион долларгача товон пули олган. Буни қандай тушуниш керак

У «Амазон» раҳбари Жефф Безоснинг танқид қилгани учун унга тегишли бўлган «The Washington Post» оммабоп газетаси у билан жуда эҳтиёткорона муносабатда бўлаётганини ҳам танқид қилди.

Кузатувчилар Берни Сандерснинг анча вақтдан буён сиёсий қарашлари барқарор сақланиб қолаётганини эътироф этишмоқда.

Сандерс сайлов кампаниясида бир тамойилга таянмоқда. Яъни корпорациялар ва таниқли бойлардан хайрия маблағлари қабул қилмасликка қарор қилган.

У Уолл-стрит мансабдорларини жуда танқид қилиб, демократлар орасидан икки асосий номзоднинг бўйни йўғон бойвуччалар қўлига қараб қолгани, улар билан яқин алоқасини борлиги учун танқид қилмоқда. Лекин бу ҳолда сайловолди компаниясини молиялаштириш қандай кечади?

Унинг кампаниясида асосан ёшлар бепул – кўнгилли сифатида ишламоқда. Кам сонли бойлардан кўп-кўп пул эмас, балки кўп сонли аҳолидан оз маблағ йиғиш механизмини яратган. У ҳақиқатдан ҳам қандай пул топишни билади. Сайлов кампанияси бошланган биринчи уч ойдаёқ фандрайзинг усулида 18 миллион доллар ишлаб топди. 525 минг киши 900 минг маротаба хайрия қилди.

«Ҳар бир ўтказма 20 долларга тўғри келди. 20 фоиз донорлар номзоднинг янги тарафдорлари эканлиги бизни хушнуд этмоқда», дейди Сандерс сайловолди штаби раҳбари Фаиз Шакур.

АҚШ қонунчилигига кўра президентликка номзодларга барча тушган хайрия маблағларини кузатиб бориши ва очиқ эълон қилиши шарт.

(Давоми бор)

А.Ҳасан ўғли

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг