Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Эрдўғон мустамлакачи давлатлар айнан нимадан қўрққанига аниқлик киритди

Президент Эрдўғон мустамлакачи давлатлар айнан нимадан қўрққанига аниқлик киритди

Фото: «www.tccb.gov.tr»

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 29 октябрь – Республика эълон қилинганининг 97 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда нутқ сўзлади. Давлат раҳбари ўз маърузасида ўтган асрнинг 20-йилларида мамлакат мустақиллиги учун фидокорона курашган қаҳрамонлар, жумладан, жумҳурият асосчиси Мустафо Камол Отатуркни ҳурмат билан ёдга олди. 

Қайд этилишича, қарийб бир аср аввал мустамлакачи кучлар буюк давлатчилик пойдеворини йўқ қилишга уринди, аммо қаҳрамон ва ғозийларнинг жонбозлиги билан ҳуррият сақлаб қолинди. 

«Истиқлол учун жангда ғалаба қозонган ҳамда республикани эълон қилган ҳолда, биз кўплаб мазлум халқлар қалбида ҳуррият оловини ёқдик. Онадўли тупроғига бостириб кирган империалистлар айнан шундан қўрққан эди. Сирасини айтганда, Болқондан Жанубий Осиёга қадар – улкан минтақани ёритган истиқлол машъали айнан Онадўлида аланга олган эди. Биз айни пайтда олиб бораётган кураш ҳам кўплаб мазлум ва эзилган инсонлар кўнглига умид бағишламоқда», – деди Туркия раҳбари.

Президент Эрдўғон мустақиллик кураши бугун ҳам кенг жабҳада – мамлакат ичида ва хорижда давом этаётганини урғулади. Туркияга дипломатияси, иқтисодиёти ва қадриятларига қарши ҳамлалар авж олмоқда. Аммо кураш ва зиддиятлар халқнинг азму шижоатини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда, холос.

«Бугун биз 20 йил олдингига қараганда, янада кучли, янада ақлли ва янада эътиқодлимиз», – дея таъкидлади Туркия етакчиси.

Президент Эрдўғон ҳозирги вазиятда буюк тарихни ўрганиш муҳим экани, тарихий меросни ўрганмасдан туриб келажакни тасаввур қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

«Тарих – келажак учун кўприкдир», – деди у.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Республика эълон қилинган кун муносабати билан ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғонга табрик йўллади. Мактубда сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалардаги кўп қиррали алоқалар жадал ривожланиб, том маънода стратегик шериклик даражасига кўтарилгани мамнуният билан қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Республика куни (Cumhuriyet Bayramı) Туркиянинг асосий давлат байрами ҳисобланади. 1923 йилнинг 29 октябрида Усмонийлар салтанати вориси бўлган ўлкада республика бошқаруви эълон қилинган эди. 1925 йилдан ушбу сана расмий байрам сифатида миллий миқёсда нишонланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг