Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Путинни судга берган собиқ губернатор маҳкама бошланмай вафот этди

Путинни судга берган собиқ губернатор маҳкама бошланмай вафот этди

Фото: ТАСС

Россия таркибидаги Чуваш Республикасининг собиқ раҳбари Михаил Игнатьев 58 ёшида вафот этди. Жорий йил май ойида у коронавирусга чалиниб шифохонага тушгани ҳақида хабар берилган эди.

Салкам 10 йил давомида Чуваш республикасига раҳбарлик қилган М.Игнатьев жорий йил январь ойи давомида кетма-кет жиддий сиёсий хатоларга йўл қўйди.

Бир гал матбуотчилар байрамига бағишланган маросимда нутқ ирод қилган арбоб ҳокимият фаолиятини танқид қилиб, сувни лойқалатаётган журналист ва блогерларнинг «суробини тўғрилаб қўйиш» лозимлиги ҳақида гапирди. Бу эса, табиийки, кескин танқидларга сабаб бўлди.

Юқори лавозимдаги мулозимнинг аксилдемократик чақириғидан кейинги шов-шувлар ҳали босилмай туриб, у яна бир марта «хол қўйди»: янги ўт ўчириш техникаси калитини топшириш пайти Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зобитини худди кучук боласини ўйнатгандек эрмак қилди. Офицер боши узра турган калитни сакраб олишга мажбур бўлди. Мазкур ҳолат акс этган видеолавҳа Россия интернет оламини «портлатди», Чуваш ўлкаси раҳбари танқиду маломатлар ёмғири остида қолди. Гарчи амалдор кейинроқ ўт ўчирувчиларга бўлган юксак эҳтироми ҳақида баёнот берган бўлса-да, ғишт қолипдан кўчиб бўлган эди.

Жамоатчилик босими остида  иқтидордаги «Единая Россия» партияси М.Игнатьевни ўз сафидан ҳайдади. Россия президенти Владимир Путин 2020 йил 29 январь куни М.Игнатьевни ишонч йўқотгани важидан лавозимидан бўшатди.

Эътиборга молик жиҳат шундаки, М.Игнатьев жорий йил май ойида президент  Владимир Путиннинг уни лавозимдан бўшатиш тўғрисидаги фармони устидан мамлакат Олий судига даъво аризаси киритган эди. Даъво аризаси жорий йил 30 июнь куни кўрила бошлаши белгиланган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг