Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қатар ОПЕК аъзолигидан чиқади

Қатар ОПЕК аъзолигидан чиқади

Фото: «Segodnya.ua»

Қатар ОПЕК ни ташкилот аъзолигидан чиқаётгани ҳақида хабардор қилди. Қатар нефтининг ОПЕК даги улуши 2017 йили 1,85 фоизни ташкил этди. Расмий Доҳа ўз қарорини энди газ қазиб олишга катта эътибор қаратилиши билан изоҳлади.

Қатар энергетика вазири Саад ал-Каабининг таъкидлашича, нефтни экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПЕК)га аъзоликдан чиқилиши ҳақида хабар берилган.

— Чиқиш қарори (ОПЕК таркибидан) Қатарнинг сиқилган табиий газ ҳажмини йилига 77 миллион тоннадан яқин йилларда 110 миллион тоннгача етказиш режаси билан бевосита боғлиқ, — деди вазир.

ОПЕК аъзолигидан чиқилишини «Qatar Petroleum» давлат компанияси ҳам тасдиқлади. 2019 йил 1 январидан Қатар ташкилот аъзолари рўйхатида бўлмайди.

Ал-Кааби ОПЕК дан чиқилиши Саудия Арабистони ва БАА (ОПЕК аъзолари), Миср ва Баҳрайн (ОПЕК аъзолари эмас) томонидан Қатарнинг блокада қилинишига боғлиқ эмас, деди.

Қатар нефтининг ОПЕК даги улуши 2017 йили 1,85 фоизни ташкил этди, мамлакат кунига 600 минг баррел атрофида нефть қазиб олади. Ташкилот аъзолари эса биргаликда бир кунда 32 млн. баррелдан зиёд нефть чиқаради.

ОПЕК — нефтни экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилотига 1960 йили асос солинган. Дастлаб унга Эрон, Ироқ, Қувайт, Саудия Арабистони ва Венесуэла аъзо бўлган. Қатар ташкилот аъзолигига 1961 йили қабул қилинган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг