Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қиролича саройидаги ўғриликлар фош бўлди

Қиролича саройидаги ўғриликлар фош бўлди

Фото: «1zoom.ru»

Корол хизматкори қиролича Елизавета II нинг расмий қароргоҳи — Букингем саройидан умумий қиймати 100 минг фунт стерлингга тенг қимматбаҳо буюмларни ўғирлаганини тан олди, дея хабар берди «Daily Mail» газетаси.

Август ойида Лондон полицияси Букингем саройидан бир қанча буюмларни ўғирлаганликда гумон қилинган қирол хизматкорларидан бирини ҳибсга олгани тўғрисида хабар бергандик.

Нашрнинг маълум қилишича, саройнинг 37 ёшли хизматкори Адамо Канто қирол саройи бошлиғи сэр Энтони Жонстон-Бертга тегишли Бани рицарлик орденини ўғирлаб, eBay интернет-аукционида 350 фунт стерлингга сотиб юборган. Шунингдек, у 2007 йилдан 2010 йилгача қирло саройида хизмат қилган Мэтью Сайксга тегишли Виктория рицарлик орденини ҳам ўғирлаган.

Бундан ташқари, Канто бошқа буюмларни, жумладан, АҚШ президенти Дональд Трамп ташрифи чоғида давлат қабули фотоальбоми ва шаҳзода Уильям ва Кейт Миддлтон дастхатлари туширилган фотосуратларни ўғирлаганини тан олди.

Қирол хизматкори буюмларни саройдаги дўкон, ходимларнинг кийим жавони, «Royal Collection» чиптахонаси, Қирол Галереяси қошидаги дўкон ва Йорклик герцог омборидан ўмарган.

Таъкидланишича, 37 та буюм eBay орқали ҳақиқий баҳосидан анча арзон нархда сотувга қўйилган.

Округ судьяси Кантони махсус гаров эвазига озод қилди. Қамоқ жазосига маҳкум этилишидан огоҳлантириб, унинг ишини ҳукм чиқариш учун бошқа судга юборди.

Ўғирланган буюмларнинг ҳаммасини ҳам қайтаришнинг иложи бўлмади.

Букингем саройи юз берган воқеа юзасидан изоҳ беришдан бош тортмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг