Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қримдаги рус авиабазасини ким портлатгани маълум қилинди

Қримдаги рус авиабазасини ким портлатгани маълум қилинди

Фото: Reuters

Жорий йил 9 август куни Россия томонидан ишғол қилинган Қрим яриморолидаги Саки аэродромида ўндан зиёд портлаш рўй берди. Россия мудофаа вазирлиги ҳудуддаги ўқ-дори омборида портлаш рўй бергани, авиация зарар кўрмагани ҳақида маълум қилди.

Бу борада турли тахминлар илгари сурилаётган бир пайтда, The Washington Post нашри ўз манбаларига таяниб ушбу портлашлар Украина махсус кучлари томонидан амалга оширилганини ёзди. Аммо операция тафсилотлари очиқланмади.

Украина ҳарбий ҳаво кучлари баёнотига кўра, Саки аэродромидаги портлашда Россиянинг 9 та самолёти йўқ қилинган. Агар ушбу маълумот тўғри бўлса, бу Украина уруши бошланганидан буён Россия ҳарбий ҳаво кучларининг кунлик энг катта йўқотиши саналади.

Авиабазадаги портлаш борасида бир неча фараз мавжуд. Айрим ҳарбий экспертлар ҳужум учувчисиз қурилма – дронлар ёрдамига амалга оширилганини айтмоқда. Дронларни база яқинида яширинган украин тезкор ходимлари бошқарган бўлиши мумкин. Бошқа тахминга кўра, портлаш Қримдаги қаршилик ҳаракати вакиллари иши саналади.

Портлаш рўй берган Новофёдоровка посёлкасидаги ҳарбий аэродром энг яқин фронт чизиғидан 200 км масофада жойлашган. Вашингтон расмийлари ушбу ҳужумда Америка қурол-аслаҳалари, жумладан, HIMARS ракета тизимидан фойдаланилмаганини маълум қилган.

Таҳлилчилар ушбу ҳамла Россиянинг Украина жанубида назорат ўрнатиши истиқболда қийин кечишидан далолат беради, деб ҳисоблайди. Қрим келгусида ҳам ҳужумга учрагудек бўлса, Кремль ишғол остидаги яриморол муҳофазаси учун қўшимча куч сарфлашига тўғри келади. Қолаверса, Россия ҳарбий ҳаво кучлари таъминотида ҳам муаммолар кузатилиши мумкин. Гап шундаки,  Саки ҳарбий аэродромида Россия мудофаа вазирлигининг самолёт ва вертолётлари, шунингдек, денгиз авиацияси техникалари сақланади. Хабарларга қараганда, мазкур аэродромдан Украинага ҳаво зарбалари беришда ҳам фойдаланилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг