Рим папаси: «Эронга қарши урушни адолатли деб бўлмайди»
Ватикан раҳбари Папа Лев XIV АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларини «адолатли уруш» сифатида баҳолаб бўлмаслигини айтди.
Римдан Мадридга парвоз вақтида журналистлар саволларига жавоб берган понтифик АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг ҳарбий ҳаракатларни «адолатли уруш» назарияси билан оқлашга уринишига муносабат билдирди.
«Бу адолатли уруш эмас. “Адолатли уруш” назарияси жуда қадим замонларда шаклланган. Ўша даврларда одамлар бугунги қуроллар ва уларнинг вайронкор қудратини тасаввур ҳам қила олмасди», – деди Папа.
Понтифик Эрондаги можарони зудлик билан тўхтатишга чақириб, ҳар қандай уруш инсоният учун оғир оқибатларга олиб келишини таъкидлади.
Сўнгги ойларда Папа Лев XIV ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасида ташқи сиёсат масалаларидаги қарама-қаршиликлар кучайгани кузатилмоқда. Папа бир неча бор ҳарбий ҳаракатларга қарши чиқиб, тинчликка чақирган.
Шу билан бирга, Вашингтон ва Ватикан ўртасидаги муносабатларда пайдо бўлган тарангликни юмшатиш мақсадида АҚШ томонидан давлат котиби Марко Рубио Римга юборилгани хабар қилинмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter