Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Садир Жапаров қирғиз халқидан олти ой сабр қилишни илтимос қилди

Садир Жапаров қирғиз халқидан олти ой сабр қилишни илтимос қилди

Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Садир Жапаров қирғизистонликларни провокацияларга берилмасликка ва у қонуний йўл билан коррупцияга қарши курашишни бошлашини кутишга чақирди. У халқдан яна олти ой кутишни илтимос қилган.  Жапаров ўзининг Телеграм-каналида шундай мурожаат билан чиқди. 

Сайланган президентнинг сўзларига кўра, қирғиз халқи коррупцияга қарши аёвсиз курашни 30 йилдан бери кутган.

«Мен ҳали иш бошламадим, ислоҳотлар бошлангани йўқ. 28 январдан расман вазифамга киришаман. Янги ҳукумат, янги тузилма тузилади. Апрелда Конституция қабул қилинади, шундан сўнг янги қонунлар ишлайди.

Май-июн ойларида янги сиёсий жараёнлар бошланади ва шундан кейингина биз қонуний йўл билан коррупцияни илдизи билан суғуришни бошлаймиз. Айни пайтда, ўзингизни коррупцияга қарши курашувчи деб атаб, одамларни таъқиб қилиш ва қўзғашни тўхтатинг. Мен бундай одамларни менинг қариндошларим бўлса ҳам қамоққа олишларини талаб қиламан. Биз қонуний мамлакатда яшашимиз керак. Биз 30 йилдан бери чидаб келмоқдамиз, яна олти ой сабр қилинг», дейилади мурожаатномада.

Эслатиб ўтамиз, Содир Жапаровнинг инаугурацияси 28 январ куни бўлиб ўтади. 10 январ куни ўтказилган референдум натижаларига кўра, мамлакат президентлик бошқарув шаклига ўзгаради. Конституциянинг тегишли лойиҳаси Конституциявий Кенгаш томонидан аллақачон тайёрланган ва Жўқорғи Кенгесга юборилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг