Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сомалида 587 инсонни ҳаётдан олиб кетган терактга икки йил тўлди

Сомалида 587 инсонни ҳаётдан олиб кетган терактга икки йил тўлди

Фото: «Wikipedia»

Могадишо, 2017 йил 14 октябрь. Бу кун Сомали тарихига энг қайғули кунлардан бири сифатида кирган. Қўшалоқ теракт — мина жойлаштирилган иккита автомобиль портлатиб юборилиши оқибатида 587 нафар инсон ҳалок бўлган, юзлаб кишилар турли даражадаги жароҳатлар олишган.

Фото: «Wikipedia»
Фото: «Wikipedia»

Аввалига портловчи моддалар билан тўла юк машинаси пойтахтнинг Ходан туманидаги «Safari» меҳмонхонаси рўпарасида портлатиб юборилади. Оқибатда бино бутунлай қулаб, юзлаб инсонлар харобалар остида қолиб кетади. Ўлганлар асосан серқатнов кўчада нарсаларини қўйиб ўтирган савдогарлар ва харидорлар бўлган. Портлаш шу даражада кучли эдики, ҳатто қўшни кварталдаги ресторанлар ва ҳукумат бинолари, хусусан, Қатар элчихонаси биносига ҳам жиддий шикаст етган.

Иккинчи портлаш ҳам худди шу куни ҳукумат идоралари жойлашган Мадина туманида амалга оширилиб, оқибатда икки нафар инсон нобуд бўлган.

Хунрезлик учун жавобгарликни ҳеч бир террорчилик гуруҳи бўйнига олишни истамади. Шунга қарамасдан, Сомали ҳукумати портлашларда «Ал-Қоида»га алоқадор «Аш-Шабоб» радикал гуруҳини айблади. Чунки гуруҳ жангарилари бунгача мамлакатда ўнлаб терактларни амалга оширишганди.

Бу охирги ўн йилликдаги нафақат Сомали, балки бутун Африкадаги энг йирик терактдир.

Сомалидаги терактни БМТ мисли кўрилмаган дея атаган, мамлакат ҳукумати эса «миллий ҳалокат» деб баҳолаганди. Президент Муҳаммад Абдуллоҳи Муҳаммад мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг