Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туркия Германиядаги мудҳиш ҳужум айбдорларини жазолашни талаб қилди

Туркия Германиядаги мудҳиш ҳужум айбдорларини жазолашни талаб қилди

Фото: AA

Туркия ташқи ишлар вазирлиги Германиянинг Изерлон шаҳридаги қабристонда мусулмонларнинг қабри таҳқирланиши ҳолати бўйича баёнот берди.

Янги йил кечасида Изерлон шаҳрида (Шимолий Рейн – Вестфалия федерал ери) номаълум шахслар мусулмонларнинг қабрларини вайрон қилган.

«Янги йил арафасида амалга оширилган ҳужум сўнгги пайтларда, айниқса, Европада аксилисломий хаста зеҳният кучайиб бораётганининг яна бир тасдиғидир. Бу гал ҳатто мусулмонлар қабри нишонга айланди. Биз ушбу мудҳиш ҳужумни содир этган шахслар аниқланиши ва тегишли тартибда жазога тортилишига умид қиламиз. Айни чоғда, бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун керакли чора-тадбирлар кўрилиши тарафдоримиз», дейилади Туркия ташқи сиёсат маҳкамаси баёнотида.

Германия полицияси вандализм жиноятини содир этган шахслар қидирилаётганини маълум қилар экан, бу борада маълумотга эга бўлган фуқаролардан кўмак сўраган.

Европада исломофобия ҳодисаси тадқиқ этилган сўнгги ҳисоботга кўра, сўнгги икки йилда интернет орқали мусулмонларга қарши нафрат қўзғаш ҳолати ортган.

Ҳисобот муаллифларидан бири, профессор Энес Байракли, хусусан, Францияда ушбу салбий воқелик кучайиб бораётганини қайд этган. Бу борада Германияда ҳам хавотирли вазият юзага келган. Биргина 2020 йилда исломофобия руҳидаги 901 та жиноят рўйхатга олинган, жумладан, 146 та масжидга ҳужум уюштирилган. 2020 йил давомида мамлакатда 18 та аксилислом намойишлари уюштирилган. Уларнинг асосий қисми PEGIDA ирқчи ҳаракати томонидан ташкил этилган.

Туркия раҳбарияти бир неча йилдан буён дунёда, хусусан, Европада исломофобия кучайиб бораётганидан огоҳлантириб келмоқда. Жумладан, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон 2021 йил май ойида Анқара шаҳрида ўтказилган исломофобия ҳамда ОАВ фаолиятига бағишланган халқаро анжуманда дунёда ислом динига нисбатан асоссиз айбловлар ҳамда бўҳтонлар атайин тарқатилаётганини хавотирли ҳолат деб баҳолаган.

Исломофобия Ғарбда худди саратон каби тарқалиб бораётганини қайд этган Эрдўғон муқаддас ислом динини обрўсизлантиришга уринаётган арбоблар аслида ўз миллати келажагига болта ураётганини таъкидлади.

Туркия етакчиси бутун дунёдаги соғлом фикрли сиёсатчилар, зиёлилар, ОАВ ходимлари ҳамда диний уламоларни исломофобия номли хасталикка қарши курашда бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга ундади. Чунки бутун инсониятнинг тинч-осуда ҳаёт кечириши ана шуни тақозо этади.

2020 йил октябр ойида эса Туркия президенти Франция раҳбари Эммануэл Макроннинг «ислом сепаратизми» хусусидаги баҳсли фикрига кескин раддия берган эди. Айрим Ғарб мамлакатларида ирқчилик ва исломофобия давлат томонидан ҳимоя қилинаётгани, бу ҳол жамиятда тафриқага сабаб бўлишини урғулаган Эрдўғон ҳамкасби Макронга ўзини мустамлакачи губернатор эмас, вазмин давлат арбоби каби тутишни маслаҳат берганди.

Расмий Анқара Янги Зеландиядаги масжидга ҳужум уюштирилган 15 март санасини исломофобияга қарши халқаро бирдамлик куни деб эълон қилишни ҳам таклиф этган.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг