Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туркия Идлибда нимани кўзламоқда?

Туркия Идлибда нимани кўзламоқда?

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон турк аскарлари Сурия ҳудудига маҳаллий халқ сўровига кўра кирганини таъкидлади.

Фото: «Anadolu Ajansı»

Туркия Сурия бойликлари ёки ҳудудига кўз тикаётгани йўқ. Бу ҳақда Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон 29 февраль куни Истанбулда депутатлар билан учрашувда маълум қилди.

Туркия 4 миллионга яқин суриялик қочқинни бағрига олган. Суриянинг Идлиб музофотидаги беқарорлик сабаб яна 500 минг қочқин Туркия чегарасида турибди. Аммо Туркия қочқинларни янги тўлқинини қабул қилиш имконига эга эмас.

Ражаб Тоййиб Эрдўғонга кўра, Туркия Суриянинг нефти ёки ҳудудини қўлга киритишга ҳаракат қилаётгани йўқ. Мақсад Идлибда хавфсиз ҳудуд яратишдан иборатдир.

Аввалроқ Туркия Президенти девони Коммуникациялар департаменти раҳбари Фахриддин Алтун ҳам Твиттерда мазкур масалада баёнот берган эди.  

«Туркия ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширмоқда ва Идлибда гуманитар фалокатнинг олдини олиш бўйича операцияларда халқаро ҳуқуққа таянган ҳолда ҳаракат қилмоқда», дейилади баёнотда. 

Қайд этилишича, Сурия раҳбари Башар Асад нафақат ўз халқига, бутун дунёга, жумладан, Туркияга ҳам таҳдид солмоқда. Ф.Алтунга кўра, расмий Анқара бу вазиятда қўл қовуштириб тура олмайди.

«Ўтмишда рўй берган Руанда ва Босниядаги каби қирғинлар Идлибда ҳам такрорланишига йўл қўйиб бўлмайди. Қаҳрамон аскарларимизнинг қонини ерда қолдирмаймиз. Аскарларимизнинг ўлимига сабабчи бўлганлар қилмишларига яраша бадал тўламагунча Суриядаги ҳарбий фаолиятимиз давом этади. Қотил режим Остона жараёнидаги мажбуриятларини бажаришдан бош тортмоқда», дейди Фахриддин Алтун.

Таъкидланишича, Асад режими миллионлаб сурияликларни Идлибдан ҳайдаб чиқариш, шу билан бирга, мамлакатни мухолифлардан тозалашни мақсад қилган.

«Режим минтақани мухолифлардан тозалашга интиляпти. Бундан кўз юмолмаймиз. Миллионлаб тинч аҳоли устига бир неча ойдан бери бомбалар ёғдирмоқда. Кўплаб тузилмалар, жумладан, мактаб ва шифохоналар режим томонидан тизимли равишда нишонга олинмоқда. Кўз ўнгимизда аста-секин қирғин амалга оширилмоқда. Онгли инсонлар ва нуфузли шахслар бу қирғинга нисбатан ўз эътирозини билдирмоғи лозим», деб ҳисоблайди Туркия Президенти девони Коммуникациялар департаменти раҳбари.

Қайд этилишича, Туркия Остона ва Сочи келишувларида берган ваъдаларини бажариб, қочқинларга ёрдам бермоқда. Халқаро ҳамжамият ҳам тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун чоралар кўриши мақсадга мувофиқдир. Расмий Анқарага кўра,  Остона жараёнининг кафолатчилари бўлган Россия ва Эрон ҳам Идлибдаги зўравонликларни камайтириш бўйича ўз мажбуриятларини бажариши лозим.

Фахриддин Алтун Туркия ҳукумати юз минглаб сурияликларнинг ўлдирилишига масъул бўлган Асад режимига жавоб зарбалар қайтаришда давом этишини маълум қилган. Унга кўра, режимнинг позициялари ҳам ҳаводан, ҳам қуруқликдан нишонга олинган.

Эслатиб ўтамиз, 27 февраль куни Башар Асад кучлари томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари оқибатида 33 нафар турк ҳарбийси ҳалок бўлди, яна ўнлаб аскарлар жароҳатланди. Мазкур ҳужум ортидан Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошчилигида миллий хавфсизлик йиғилиши ўтказилган. Туркия раҳбари ушбу ҳодисани дунёнинг етакчи сиёсатдонлари, жумладан, Россия Президенти Владимир Путин билан муҳокама қилган.

Сўнгги хабарларга қараганда, Туркия ҳарбий кучлари Асад армиясига жавоб зарбаси берган ва 56 нафар суриялик аскар ҳамда бир қатор ҳарбий техника йўқ қилинган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Идлибдаги зиддият юзасидан шошилинч йиғин чақирган. Туркиянинг БМТдаги махсус вакили Фаридун Синирлиўғли ушбу йиғилишда расмий Анқара урушни истамаслиги, аммо мамлакат хавфсизлигига таҳдид туғилса, ҳеч иккиланмай куч ишлатилишини билдирган.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг