Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туркманистон президенти Марказий Осиё давлат раҳбарлари учрашувини «қайта ислоҳ қилиш»ни таклиф қилди

Туркманистон президенти Марказий Осиё давлат раҳбарлари учрашувини «қайта ислоҳ қилиш»ни таклиф қилди

Фото:«Islam-Today.ru»

Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг фикрича, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг янги маслаҳат органи мунтазам учрашувлар форматини яратиши мумкин.Бу ҳақда «Tnews.uz» хабар бермоқда.

Туркманистон  президенти Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари кенгашини тузиш таклифи билан чиқди. Ўзбекистонга қилган ташрифи давомида мазкур таклиф билан чиққан Гурбангули Бердимуҳамедовнинг фикрича, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари маслаҳат кенгаши деб номланмиш маслаҳат органи мунтазам учрашувлар форматини яратиши ва  «белгиланган кун тартибини муҳокама қилиш учун минтақа мамлакатлари пойтахтларида навбатма-навбат» мажлис ўтказиши мумкин.

Туркманистон расмий матбуотининг ёзишича, Бердимуҳамедовнинг ташаббусига биноан «барча ташкилий масалаларни эътиборга оладиган» беш томонлама экспертлар гуруҳини шакллантириш ва ундан кейин «бешта мамлакат президентлари учрашувини ташкиллаштириш ва кун тартибини ишлаб чиқиш мақсадида» Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг махсус мажлисини чақириш керак.

Туркманистон президентининг ташаббуси Остонада Марказий Осиё давлат раҳбарларининг учрашувидан сўнг бир ой ўтиб илгари сурилди. Маълумки, Остона учрашувига Бердимуҳамедов бормади, ўғли Сердар Бердимуҳамедов орқали Қозоғистон президентига шахсий нома йўллаш билан  чекланди.

2018 йилнинг 15 март куни Остонада бўлиб ўтган ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари маслаҳат учрашуви деб номланган саммит Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган эди. Ўшанда минтақа давлатлари раҳбарлари бу каби учрашувларни ҳар йили Наврўз байрами арафасида ўтказишга келишиб олдилар ва навбатдаги учрашув 2019 йил мартида Тошкентда бўлиб ўтишини эълон қилдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг