Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«У Истанбулнинг рамзларидан бири бўлади!» – Президент Эрдўғон иштирокида янги жомеъ масжид очилди

«У Истанбулнинг рамзларидан бири бўлади!» – Президент Эрдўғон иштирокида янги жомеъ масжид очилди

28 май куни Истанбул шаҳрининг тарихий ҳудудида Тақсим жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ибодатгоҳда ўқилган илк жума намозида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам қатнашди. 

Туркия раҳбари Тақсим масжидининг қуриб фойдаланишга топширилиши Истанбул мусулмонларининг бир ярим асрлик курашлари натижаси экани, масжид кўҳна шаҳарнинг янги рамзларидан бирига айланишини таъкидлади.

Тақсим майдонида масжид барпо этиш масаласи ўнйилликлар давомида турк жамоатчилиги орасида муҳокамаю мунозараларга сабаб бўлиб келган. Қайд этилишича, Истанбулнинг ушбу тарихий қисмида масжид қуриш ғояси Усмонли-Русия уруши йилларида туғилган. Аммо йиллар давомида ушбу ғоя рўёбига жамиятдаги турли сиёсий гуруҳлар тўсқинлик қилиб келган.

Хабарларга кўра, Ражаб Тоййиб Эрдўғон 1994 йили Истанбул шаҳри ҳокими лавозимига сайланган пайтдаёқ Тақсимда жомеъ масжид барпо этиш ниятини билдирган. Аммо турли сабабларга кўра бу режа ортга сурилган ва ниҳоят орадан 27 йил ўтиб ушбу ният рўёбга чиқди.

Пойдевори 2017 йил 17 февралда қўйилган жомеъ масжид замонавий меъморчилик ҳамда тарихий анъаналар уйғунлигида қурилган. Хонақоҳ ва ички саҳнда бир пайтда 4000 га яқин мусулмон намоз ўқиши мумкин. 2482 квадрат метр ҳудудни эгаллаган мажмуадан кутубхона, кўргазмалар зали ва бошқа иншоотлар ҳам ўрин олган.

Р.Т.Эрдўғон Тақсим масжиди Истанбул фатҳининг 568 йиллигига ўзига хос туҳфа эканини ҳам таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил баҳорда Босфорнинг чап соҳилида муҳташам Чамлижа (Çamlıca) жомеъ масжиди қуриб фойдаланишга топширилган эди. 6 йил давомида қурилган ва 63 минг кишини сиғдирадиган ибодат маскани Истанбулнинг энг катта масжиди саналади.

Аввал хабар берганимиздек, 2020 йил 24 июль куни Истанбул рамзи саналган кўҳна Аё София обидасида 86 йиллик танаффусдан кейин илк жума намози адо этилди ва салкам бир аср давомида музей саналган масканга масжид мақоми қайтарилди.

Тақсим – Чамлижа ҳамда Аё Софиядан кейин учинчи йирик масжид экани айтилмоқда. Айни пайтда Истанбулда Хайриддин Барбарос Паша номли яна бир улкан жомеъ қурилиши давом эттирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг