Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Вазирлар маоши махфий равишда оширилгани мухолифатга ёқмади

Вазирлар маоши махфий равишда оширилгани мухолифатга ёқмади

Арманистон бош вазири Никол Пашинян махфий равишда вазирлар ва уларнинг муовинлари маошини оширгани орадан тўрт ой ўтиб маълум бўлди. Бу ҳақда хабар берган «Hetq» нашрига кўра, ҳукумат раҳбари ўз қўл остидаги мансабдорлар ойлигини кўтариш ҳақидаги қарорга жорий йил июлда имзо чеккан. Ҳужжатга «махфий» тамғаси босилгани сабаб жамоатчилик ундан бехабар қолган.

Мухолифат бош вазирнинг ушбу хатти-ҳаракатини кескин қоралаб, қарорнинг қонунийлигини шубҳа остига олди. Эътирозлар ортидан  Никол Пашинян қонунчилик идорасида тушунтириш беришга мажбур бўлди. Ҳукумат аъзолари маоши парламент томонидан тасдиқланган мукофот жамғармаси ҳисобидан оширилди, деди у.

Ҳукумат раҳбари қарорга «махфий» муҳри урилганига ҳам изоҳ бериб ўтди. Қайд этилишича, аввалги ҳукуматлар даврида моддий рағбатлантиришга доир барча қарорлар сир тутилган. Шу сабаб янги қарор ҳам эски таомилга кўра «махфий» тоифага киритилган.

«Ёрқин Арманистон» фракцияси етакчиси Эдмон Марукян мансабдорларнинг маоши оширилиши зарур эканини таъкидлаган, аммо мамлакат ҳаётига дахлдор бу ишнинг енг ичида амалга оширилишини шармандалик деб атаган. Сиёсатчи мудофаа ва миллий хавфсизликдан бўлак барча соҳалар харажати очиқ-ошкора бўлиши лозимлигини эслатган.

«Яшнаётган Арманистон» партияси ҳам бош вазирнинг ушбу қарорини танқидий баҳолаган. Партияга кўра, ҳукумат раҳбари бюджетга дахлдор масалани якка ўзи ҳал этиши тўғри эмас. 

Хўш, махфий қарордан кейин ҳукумат аъзоларининг маоши қанчага етди? Ҳисоб-китобларга кўра, айни пайтда Арманистонда вазирлар 1,5 миллион драм (3100 доллар), вазир муовинлари эса 1,06 миллион драм (2200 доллар) мояна олмоқда.

Узоқ йиллар журналист ва депутат сифатида фаолият юритган Никол Пашинян 2018 йил май ойида оммавий норозилик намойишларидан кейин ҳокимиятга келган. У коррупцияни илдизи билан қуритиш ва мамлакатни демократик ислоҳотлар сари бошлашга ваъда берган. Тарафдорлари уни Эрнесто Че Гевара, Маҳатма Ганди, Нельсон Мандела каби машҳур курашчилар билан бир сафга қўяди. 

Пашинян ҳукумат бошлиғи сифатида сайланганидан уй ой ўтиб, мамлакатда коррупцияга буткул барҳам берилганини эълон қилган. Аммо жорий йил баҳорда айнан у томонидан тайинланган Давлат назорат хизмати бошлиғи Давид Санасарян хизмат вазифасини суиистеъмол қилишда айбланди. Аввалги ҳукуматнинг бир қатор вазирлари ва депутатлар ҳам коррупцияда айбланиб терговга тортилди. Собиқ президент Роберт Кочарян эса конституциявий тузумга тажовузда айбланиб ҳибсга олинган.

Таҳлилларга кўра, қарийб 3 миллион нуфусли Арманистонда ўртача ойлик маош 300-400 доллар, пенсия эса 85 долларни ташкил этади. Давлат хизматчилари, ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари маоши бошқа соҳа вакилларидан кўра анча юқори.

Собиқ Иттифоқнинг аксар мамлакатларида бўлгани каби арман ўлкасида ҳам меҳнат муҳожирлари ҳозирча нажоткор куч бўлиб қолмоқда.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг