Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги Зеландиядаги фожеа тафсилотлари. Абдул Азиз ўнлаб инсонларни ўлимдан қутқариб қолди

Янги Зеландиядаги фожеа тафсилотлари. Абдул Азиз ўнлаб инсонларни ўлимдан қутқариб қолди

Фото:«AFP»

15 март куни Янги Зеландиядаги «Ал-Нур» ва «Линвуд» масжидларига жума намозидан сўнг қилинган ҳужум тафсилотлари ошкор бўлмоқда. Ҳужум натижасида 50 нафар мусулмон ҳалок бўлган ва яна кўплаб инсонлар ярадор бўлган эди. REUTERS томонидан хабар қилинишича, агарда 48 ёшли Абдул Азиз бўлмаганда, қурбонлар сони анча кўпроқ бўлиши мумкин эди.

48 ёшли Абдул Азиз шу куни 4 ўғли билан жума намозини адо этиш учун «Линвуд» масжидига келган эди. Отишма бошланган вақтда у масжид яқинида эди. 28 ёшли Брентон Таррант бунга қадар «Ал-Нур» масжидида хунрезликни амалга оширган ва ўнлаб инсонлар ўлдирилган эди. У навбатдаги қабиҳликни амалга ошириш учун «Линвуд» масжидига келади ва бу ерда ҳам 10 кишининг ҳаётига зомин бўлади. Бироқ бу ерда ўйлаганини охиригача етказа олмайди. Унинг йўлидан Абдул Азиз чиқади. У отишма овозини эшитгани ҳамоно шу томон югурганди.

— Унинг эгнида ҳарбийлар либоси бор эди. Шу сабабли у яхши ниятдами ёки ёмон, буни била олмасдим. Иккиланиб қолдим. Қачонки у сўкина бошлагач, у қадар яхши ниятда эмаслигини тушуниб етдим, — дейди Абдул Азиз Reuters нашрига берган интервьюсида.

Абдул Азиз фарзандларининг ёлворишига қарамай, террорчига қаршилик кўрсатиш учун югуради. Йўл-йўлакай қўлига илинган «қурол»ни олади, бу — пластик картадан пул ечадиган терминал аппарати эди. Террорчи бу вақтда ўқдан бўшаган автоматини ерга ташлаб, бошқасини олиш учун машинасига қайтиб борган эди. Абдул Азиз етиб боргунга қадар Таррант қайта қуролланиб олишга улгуради ва у томон ўт очади.

Абдул Азиз қўлидаги терминал аппаратини террорчи томон улоқтирганча, машиналар орасига бекинишга улгуради. Унинг қўлига Таррант ташлаб кетган қурол тушади, аммо ўқдони бўш эди. Шундан сўнг у бошқача қарорга келади, террорчи масжидга қайтиб кириб, яна ўлдира бошламаслиги учун эътиборини ўзига тортишга урина бошлайди.

— Мен у томон бақирдим, кел бу ерга, кел бу ерга, дедим. Мен шунчаки унинг эътиборини ўзимда ушлаб турмоқчи бўлдим, — дейди Абдул Азиз.

Таррант масжидга қайтиб кира бошлаганда ҳам Абдул Азиз ортидан қолмай боради. Террорчи ниҳоят яна у томон юра бошлайди. Ўша вақтда Абдул Азизнинг қўлида ўқсиз бўлса-да, қурол бор эди.

— У менинг қўлимдаги қуролни кўргач, ўзиникини ташлади ва машинаси томон югуриб, қочиб кета бошлади. Мен яна ортидан югурдим.

Машинасига ўтиргани ҳамоно, қўлимдаги қуролни у томон отдим. У яна сўкиниб, машинани ҳайдаб кетди, — дейди Абдул Азиз.

Бу вақтда масжидда Абдул Азизнинг 4 фарзандидан ташқари 100 нафар атрофида одамлар бор эди. Ҳамма кутилмаган ҳужумдан шок ҳолатига тушиб қолганди. Абдул Азиз уларнинг ҳаётини сақлаб қолди.

— Масжидга қайтиб кирганимда, ҳамма қўрқув остида турганини ва яширинишга уринаётганини кўрдим. Улар томон: «Биродарлар, ҳаммаси тугади, у кетди, у шунчаки қочиб кетди», — деб айтдим. Кўпчилик йиғлаб юборди.

Бундай қаҳрамонлик ўша куни ягона бўлгани йўқ. «Ал-Нур» масжидида 50 ёшли Наим Рашид ва унинг 21 ёшли ўғли террорчига қаршилик кўрсатишга уринган, аммо қуролсиз бўлганлари учун ҳеч нарса қила олишмаган эди. Ҳар иккиси ҳам шу куни қаҳрамонларча ҳалок бўлишди.

Брендан Таррант орадан 36 дақиқа ўтгач, полиция томонидан қўлга олинди. Террорчилик ҳуружи туфайли 50 мусулмон ҳалок бўлди, яна 49 нафари яраланди.

Абдул Азиз бўлмаганда уларнинг сони кўпроқ бўлиши мумкин эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг