Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туризм соҳаси қатор субсидия ва имтиёзлар билан қўллаб-қувватланади

Туризм соҳаси қатор субсидия ва имтиёзлар билан қўллаб-қувватланади

2026 йил 1 февралдан бошлаб чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пул шаклида амалга оширилиши мумкин.

Бу ҳақда Президентнинг  туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирларига доир қарорида белгилаб қўйилди.

Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан бошлаб Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

  • туристик стартапларни – янги турдаги туризм хизматларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳаларга субсидиялар ажратилади;
  • меҳмонхоналарнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатда назарда тутилган халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб эса халқаро конференциялар ва тадбирларни (MICE туризм) ташкил қилиб, унга камида 100 нафар чет эллик туристни жалб қилган тадбиркорлик субъектларига ушбу тадбирларни ташкил қилишда улар томонидан тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларининг 50 фоизини қайтариш тартиби жорий этилади.

2027 йил 1 январга қадар:

  • туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади;
  • Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олиниб, лицензияга эга бўлган туроператорларга, истисно тариқасида, экстремал турларни ташкил қилиш учун двигатель ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божи ва утилизация йиғимини амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида 3 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади;
  • туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобусларнинг сонидан қатъи назар, уларга битта сертификат беришга рухсат этилади.

2030 йил 1 январга қадар «Brand Finance» компаниясининг топ-50 талик рейтингига кирувчи брендни жалб қилган ҳолда бренд билан дастлабки келишувларга эга меҳмонхона қурилишини бошлаган тадбиркорлик субъектлари меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлашда мазкур бренднинг талабига мувофиқ олиб келадиган асбоб-ускуналар, техника, транспорт воситалари, мебель ва инвентарлар учун божхона божини тўлашдан озод этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг