Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Буғдойдан бўшаган ерларни ёққанлар 212,5 млн сўм жаримага тортилди

Буғдойдан бўшаган ерларни ёққанлар 212,5 млн сўм жаримага тортилди

Фото: Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бош бошқармалари буғдойдан бўшаган ер майдонларини ёқиш ҳолатларига қарши назоратни кучайтирди.

Маълум қилинишича, ҳуқуқбузарликлар «Ўзбеккосмос» агентлиги билан ҳамкорликда аэрокосмик маълумотлар асосида аниқланмоқда. Шу мақсадда ҳудудлардаги 7 760 та фермер хўжалигига буғдойдан бўшаган далаларни ёқмаслик бўйича огоҳлантириш хатлари тарқатилган.

Назорат тадбирлари давомида космик суратлар таҳлили асосида 744 та буғдойдан бўшаган ер майдонида ёнғин ҳолати аниқланган. Жойига чиққан давлат инспекторлари ўтказган текширувлар натижасида 172 нафар ҳуқуқбузарга жами 212,5 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар оқибатида табиатга етказилган зарар учун 652,3 миллион сўм миқдорида товон ҳисобланган.

Бундан ташқари, жорий йил бошидан буён дала ва аҳоли пунктларида ангиз, хазон, шох-шаббалар ҳамда қурилиш чиқиндиларини ёқиш билан боғлиқ 9 821 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, улар юзасидан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фермерлар ва фуқароларни ғалладан бўшаган ерларда сомонпояларни ёқмасликка ҳамда бу каби ҳолатларга йўл қўймасликка чақирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг