Маст ҳайдовчи пора бераётганда қўлга олинди
Спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда машина бошқарган фуқаро ЙПХ ходимига 10 миллион сўм пора таклиф қилди
Бухоро шаҳрининг марказий кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган «Chevrolet Cobalt» машинаси йўл-патрул хизмати инспекторини шубҳага солган. Автомашина тўхтатилган. Текширувда ҳайдовчининг транспорт воситасини маст ҳолда бошқариб келаётгани аниқланган. Шу сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси (Транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш),1-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирили, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган.
Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати масъул ходими Муроджон Раҳматуллаевнинг «Xabar.uz»га билдиришича, ҳайдовчи И.Ю. содир этган ҳуқуқбузарлигидан хулоса чиқариш ўрнига ундан қутулиш йўлини қидирган. У ЙПХ ходимидан ўзига нисбатан қонуний чора кўрмаслик ва автомашинани жарима майдончасидан чиқариб бериши эвазига 10 миллион сўм пора таклиф қилган.
ЙПХ ходими И.Ю.ни бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан, фуқаро ишини «ёпиб» бериши таклифидан қайтмаган.
Шундан сўнг ЙПХ ходими ҳолат юзасидан тегишли тартибда мурожаат қилишга мажбур бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида фуқаро жарима майдончаси ҳудудида ходимга келишилган пулнинг 9 миллион 950 минг сўмини пора тариқасида бераётган вақтида ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш),1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter