Қашқадарёда 4 ёшли қиз ўгай онасининг калтаклаши оқибатида вафот этди
Ижтимоий тармоқларда ўгай онаси томонидан калтаклангани оқибатида боланинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолат ҳақида маълумот берди.
Аниқланишича, 26 сентябр куни Қашқадарё вилояти Касби туманида яшовчи И.С. (1994 йилда туғилган аёл) турмуш ўртоғи Н.А. (1988 йилда туғилган эркак) билан ўзаро низолашиб, унинг вояга етмаган фарзанди О.Ш.ни (2022 йилда туғилган қиз бола) урган.
Оқибатда бола бош қисмидан жиддий жароҳат олган. Унинг соғлиғи кескин ёмонлашиб, шу кунининг ўзида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 27 сентябр куни Касби тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 126-моддаси 8-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
И.С. Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасига асосан гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланган.
Қайд этилишича, мазкур жиноят учун 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Болалар омбудсмани боланинг ўлими билан боғлиқ жиноят иши юритуви устидан кузатувни давом эттиради. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилиши билдирилган.
Шунингдек, 2 октябр куни Сенат томонидан маъқулланган болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга оид қонунга кўра, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилишга йўл қўйилмайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter