Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қорақалпоғистонда тўқайзорларга ўт кетди

Қорақалпоғистонда тўқайзорларга ўт кетди

Иллюстратив фото

Мамлакатимизнинг шимолий минтақаси саналмиш Қорақалпоғистон Республикаси ўзига хос ҳайвонот ва наботот оламига эга ҳудуд саналади. Бу ерда давлат қўриқхонаси сифатида рўйхатга олинган тўқай ва ўрмонлар, шунингдек, Ботаника боғлари мавжуд. Қўриқхона ва Ботаника боғларида ноёб дарахт ва ўсимликлардан ташқари ёввойи ҳайвонлар ва қушлар асраб-авайлаб келинади.

Афсуски, кейинги ҳафта ичида Қорақалпоғистондаги ноёб қамишзор ва тўронғилзорлардан иборат тўқайларга икки марта ўт кетди.

23 апрел куни соат 00.00 лар чамасида Нукус тумани «Саманбай» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги майдонда ёнғин содир бўлган. Дастлабки маълумотларга қараганда, олов 2 гектар ер майдондаги ҳўлу қуруқни баравар ёқиб, кулини кўкка совурган. Ҳудудга 16 км. олисдаги ўт ўчириш бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг алоҳида 7-ўт ўчириш бўлинмалари жалб қилинган.

Катта майдонни қамраб олган ёнғин бир неча соат ичида ўчирилиб, хавфли вазият бартараф қилинган.

Ҳодисани ўз кўзи билан кузатган фуқаронинг таъкидлашича, ёнғин вақтида гала-гала ўрдак ва қирғовуллар потирдаб осмонга учиб қочган, силовсин ва тулкилар ўзини дуч келган тарафга урган.

Ёнғиннинг келиб чиқишига фуқароларнинг ўз томорқасида хазонларни ёқиб, эътиборсиз қолдиргани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

16 апрел куни ҳам худди шундай ёнғин содир бўлиб, унинг келиб чиқишига фуқаронинг ўз томорқасида чор-чўп ва хазонларни ёқиши сабаб бўлгани аниқланган эди.

«Ҳар иккала ҳолат юзасидан айни кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда» дея хабар беради «Қорақалпоғистон 24» телеграм канали.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг