Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Самарқанддаги тўйда оммавий заҳарланиш содир бўлди

Самарқанддаги тўйда оммавий заҳарланиш содир бўлди

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги тўйхоналарнинг бирида ўнлаб киши салатдан заҳарланди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Унга кўра, ҳолат 4 август куни соат 05:30 да Ургут туман, «Жарқишлоқ» маҳалласидаги «Тошпўлат ота» тўйхонасида содир бўлган. 3 август куни ўтказилган тўй тадбирида иштирок этган 7 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайт қилиш, қорин соҳасида оғриқ, ич кетиши ва тана ҳарорати кўтарилиши каби шикоятлар билан тунги соат 02:00 дан бошлаб эрталаб 10:45 га қадар ўткир овқат токсикоинфекцияси ташхиси билан туман юқумли касалликлар бўлимига, бир нафар бемор эса вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. 

Шифохоналарда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Барча беморлар ўз касалликларини 2023 йил 3 август куни куннинг иккинчи ярмида «Тошпўлат ота» тўйхонасида истеъмол қилинган майонезли салатлар билан боғлаган. 

Қайд этилган ҳолат юзасидан Санэпидқўмита Ургут туман бўлими мутахассислари томонидан олиб борилган эпидемиологик суриштирувлар натижасида тўй эгаси томонидан тўйдан бир кун аввал, яъни 2 август куни тайёрланган салатлар дастурхонга тортилганлиги аниқланди. Салатлар дастурхонга қўйилгунга қадар сақлаш қоидаларига риоя этилмаган уй шароитида совиткичсиз сақланган.

Тиббиёт ходимлари томонидан тўйда иштирок этганларни аниқлаш мақсадида уйма-уй суриштириш ўтказилиб, касаллик белгилари аниқланган 41 нафар фуқаро туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Беморларнинг аҳволи ўрта оғирликда деб баҳоланмоқда, оғир аҳволдаги беморлар йўқ. 

Ушбу ҳолат Санепидқўмита томонидан тўлиқ назоратга олинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг