Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурхондарёда ўқитувчининг 12 яшар қизи аввал зўрланиб, сўнг ўлдирилди

Сурхондарёда ўқитувчининг 12 яшар қизи аввал зўрланиб, сўнг ўлдирилди

Иллюстратив сурат

Фото: «Сонник Энигма»

25 сентябрь куни соат 21:30 ларда Узун тумани (Сурхондарё) Маландиён маҳалласида уйининг ертўласидан Ш.А.нинг жасади топилган. Сурхондарё вилояти ИИБнинг "Turon24"га маълум қилишича, 12 ёшли қиз аввал зўрланиб, сўнг бўғиб ўлдирилган.

Вилоят прокуратурасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими 1989 йилда туғилган, муқим ишга эга бўлмаган А.Х. мазкур мудҳиш жиноятни содир этганликда гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилди. У 25 сентябрь куни қўшни уйда устачилик қилаётган бўлган. Гумонланувчи соат 14:50 атрофида қўшнининг уйига меҳнат қуролини сўраб боради. Ўша пайтда уйда бўлган 12 яшар Ш.А. иш қуроли топиб бериш учун ертўлага кирганида унинг ортидан кирган йигит қизни зўрлайди ва жиноят изини яшириш мақсадида уни бўғиб ўлдиради.

"Turon24" мухбирининг аниқлашича, қизнинг отаси ўқитувчи бўлган. Тумандаги 4-мактабда ишлаган ота Россияга ишлаш учун кетган. Ўлдирилган қиз эса тумандаги 6-мактабнинг 5-синфида ўқиган. Мактаб директори Зумрад Турсунованинг айтишича, Ш.А. мактабнинг аълочиларидан бири, синф сардори бўлган.

Маландиён маҳалласи раиси Одил Азимов ҳодиса рўй берган куни Ш.А.нинг онаси пахтада бўлганини маълум қилди. 15 яшар опаси бу вақтда уйда бўлмаган. Маҳалла раиси, шунингдек, гумонланувчи А.Х.нинг тарбияси азалдан бузуқ бўлганини, унга кўча-кўйдаги хатти-ҳаракати юзасидан бир неча бор танбеҳ ҳам берганини айтиб ўтди.

Мазкур ҳолат юзасидан 26 сентябрь куни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” ва “з” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда Сурхондарё вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими тергов олиб бормоқда.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг