Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Тез ёрдам» ходимига тез ёрдам кўрсатилди, уни дўппослаган шахс ушланди

«Тез ёрдам» ходимига тез ёрдам кўрсатилди, уни дўппослаган шахс ушланди

Фото: ССВ матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Тошкент туманида чақирув асосида келган «Тез ёрдам» ходимига хонадон эгаси томонидан жароҳат етказилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолатга муносабат билдирди:

«Аниқланишича, жорий йил 22 январь куни соат тахминан 16:20 ларда Тошкент тумани тез тиббий ёрдам бўлимига Қорабўриқ маҳалласидан чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг соат 16:30ларда ТТЁ бригадасининг эркак ходимлари — шифокор М.М. ва фельдшер У.У. белгиланган манзилга етиб борган.

Хонадондаги музламада йиқилиб, чап қўл суяги ёпиқ синиши жароҳатини олган бемор аёлга «103» бригадаси томонидан дарҳол биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Шу вақтда унинг 1999 йилда туғилган ўғли Ў.А. хонадонга кириб келиб, «нега аёл ҳамшира келмади», дея куракда турмас сўзлар билан тез тиббий ёрдам хизмати ходимларини ҳақорат қилган.

Шунга қарамай, тиббиёт ходимлари хизмат вазифасини бажарган ва беморни шифохонага олиб борган.

Шу вақтда аёлнинг ўғли келиб, жанжални давом эттирган ва фельдшер — 1993 йилда туғилган У.У.ни калтаклаб, унга жиддий тан жароҳати етказган.

Оқибатда жабр кўрган «Тез ёрдам» ходими Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига олиб борилган. Текширувлар натижасида у «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг томон ёноқ соҳаси кўкарган жароҳати, ўнг томонлама ёноқ соҳаси ва периорбитал соҳанинг териости гематомаси» ташхиси билан шошилинч нейрохирургия бўлимига ётқизилган. Ҳозир бемор белгиланган стандартлар асосида тиббий муолажаларни олмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олган. Шунингдек, вазиятга қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши учун барча зарур чораларни кўрмоқда.

Айни пайтда 24 ёшли фуқаро Ў.А. ички ишлар органлари томонидан процессуал тартибда ушланган, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг