Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Энди васиятнома ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёни аудио ва видеога қайд этилади

Энди васиятнома ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёни аудио ва видеога қайд этилади

Жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари пойтахтда Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда томонидан ишлаб чиқилиб, мажлис кун тартибига муҳокама учун киритилган  «Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқиб, маъқулланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Адлия вазирлиги хабар берди.

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган.

Қонун билан 11 та қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан:

-2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилиняпти.

-Нотариал ҳаракатлардаги имзолар сохта эканлиги ҳақида судларга кўплаб даъволар киритилаётганлигини инобатга олиб, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш ва нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлашда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш жорий этилди.

-Васиятномаларни ва айрим турдаги битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёнини мажбурий аудио ва видеога қайд этиш лозимлиги белгиланди.

-Нотариус лавозимига номзодларнинг стажировка ўташ муддатини икки йилдан бир йилга қисқартириш, шунингдек нотариус лавозимига номзодлар учун судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёхуд нотариал фаолиятга раҳбарлик ва назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахсларга мажбурий стажировка ўташ бўйича талаб бекор қилинди.

-Юридик шахс нотариусга ихтиёрий мурожаат этганда унинг коллегиал органининг қарори қабул қилинганлиги факти нотариал тасдиқланадиган бўлди.

-Нотариусларни аттестациядан ўтказиш ва алмаштириш (ротация қилиш) тартиби белгиланди.

-Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда электрон тўловлар йўлга қўйилди.

-Нотариал идораларига электрон мурожаат қилиш тартиби белгиланди.

-Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати олти ойдан уч ойгача қисқартирилди.

-Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил фаолият юритган шахслар мажбурий стажировка ўташдан озод қилинмоқда.

-Адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддати бир йилдан олти ойгача қисқартирилмоқда.

-Адвокатларнинг ҳакамлик судьяси сифатида иштирок этиши, шунингдек низоларни судгача ҳал қилиш ва тарафларни яраштиришга қаратилган ҳуқуқлари кенгайтирилди.

-Адвокатлар палатаси раисига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш бўйича мажлисларида иштирок этиш ва уларга доир фикр билдириш ҳуқуқи берилди.

-Адвокатлик бюросини таъсис этган адвокатларнинг ўз фаолиятини мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда ўзига тегишли бўлган турар-жойларда ушбу турар-жойларни нотурар жой тоифасига ўтказмасдан амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

-Адвокат сўровини кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари белгиланди.

-Адвокатга нисбатан интизомий чоралар қўллаш муддатлари аниқ белгиланди.

-Лицензиянинг амал қилишини Олий малака комиссияси хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг мурожаати бўйича фақат суд тартибида тугатилади.

-Адвокатларга нисбатан интизомий ишни фақат тегишли малака комиссияси ёки Олий малака комиссияси қарори билан қўзғатилади.

-Адвокат сўровининг бажарилиш тартибини бузган мансабдор шахслар адвокатнинг тўғридан-тўғри судга мурожаати асосида маъмурий жавобгарликка тортиладиган бўлди.

“Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши нотариатнинг фаол моделига ўтиш унинг низоларни олдини олувчи институт сифатида янада ривожланишига, адвокатлар ҳуқуқларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишига тўсиқ бўлаётган бюрократик омилларни бартараф этишга, адвокатлар ҳуқуқларини кенгайтиришга, Адвокатлар палатасининг адвокатура институтини ҳимоя қилиш соҳасидаги ролини оширишга хизмат қилиши, соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳисобига юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш сифати ва тезкорлиги янада ошиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг