Фарғонада қарзларини ёпиш учун боласини сотишга уринган эр-хотинга ҳукм ўқилди
Фарғона шаҳрида вояга етмаган фарзандини пул эвазига бошқа шахсларга беришга уринган эр-хотинга нисбатан суд ҳукми чиқарилди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўрилган иш материалларига кўра, ёш ота-она моддий қийинчилик ва қарзларини баҳона қилиб, бир неча ойлик ўғил фарзандини сотишга розилик билдирган.
Судда аёл ўз айбига иқрор бўлиб, қарзларини ёпиш ҳамда Туркияга бориш учун маблағ керак бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, аввал бу таклифга рози бўлмаган, аммо кейинчалик «бола яхши шароитда ўсади» деган гапларга ишониб, қарорини ўзгартирган.
Терговда аниқланишича, эр-хотин 2024 йилда шаръий никоҳ асосида бирга яшай бошлаган. Оилада келишмовчиликлар юзага келганига қарамай, 2025 йилда ўғил фарзандли бўлган. Бироқ моддий муаммолар уларни оғир жиноятга қўл уришга ундаган.
Суд уларни Жиноят кодексининг 135-моддаси тегишли қисми билан айбли деб топиб, ҳар иккисига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Шунингдек, суд қарори билан боланинг кейинги тақдири Қўқон шаҳар Инсон ижтимоий хизматлар агентлиги ҳамда Болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси зиммасига юклатилди.
Судья ҳукмни эълон қилиш чоғида фарзанд тарбияси моддий манфаат эмас, балки катта масъулият эканини таъкидлаб, қийинчиликларни фақат қонуний ва ҳалол йўллар билан ҳал қилиш лозимлигини қайд этди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter