Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўқитувчи ўғлимнинг телефонини олиб қўйди. Бундай қилишга ҳаққи борми?»

«Ўқитувчи ўғлимнинг телефонини олиб қўйди. Бундай қилишга ҳаққи борми?»

Фото: «Nuz.uz»

«Ўғлим мактабда ўқийди. Уни назорат қилиш учун мобил телефон олиб берганман. Ўқитувчиси ўғлимнинг телефонини олиб қўйибди. Бундай қилишга унинг ҳаққи борми?».

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги 139-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, таълим муассасаларида ўтказиладиган ўқув машғулотлари ва тадбирлар бошланишидан олдин таълим олувчилар телефонини ўчириб қўйиши ҳамда сумкасига солиб қўйиши шарт.

Таълим олувчиларга қуйидагилар қатъиян тақиқланади:

а) телефонини бўйнига осиб олиш, кўкрак чўнтакларида, шим, юбкалари чўнтакларида ва шу кабиларда сақлаш;

б) телефон аккумуляторини зарядлаш учун таълим муассасаси электр тармоқларига улаш;

в) телефони ёрдамида:

— атрофдагиларга зўравонлик, шафқатсизлик, порнографияни тарғиб қилувчи видео ва суратларни намойиш қилиш;

— таълим муассасасининг нуфузига, шу жумладан, зўравонлик ва вандализм ҳолатларини суратга олиш ва кейинчалик уларни атрофдагиларга намойиш этиш йўли билан зарар етказиш;

г) ўқув машғулотлари вақтида:

— телефон орқали сўзлашиш ҳамда SMS (ММS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш;

— телефонни стол устига қўйиш;

— мусиқа тинглаш;

— сурат ва видео тасвирларни кўрсатишда телефондан фойдаланиш, тасвир кўриш, диктофон, калкулятор, календар, блокнот, ён дафтарча кабилар сифатида фойдаланиш;

— суратга олиш ва видео тасвирга тушириш;

— телефон орқали бошқа хизматлардан фойдаланиш.

Таълим муассасасида таълим олувчиларга машғулотлар ва тадбирлар оралиғида фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчилар), яқин қариндошлари, таълим муассасаларининг раҳбарлари ёки ходимлари билан зудлик билан боғланиш мақсадида телефонлардан фойдаланишга рухсат этилади.

Ушбу низом талаблари бузилган тақдирда таълим муассасасининг ҳар қандай педагог ходими таълим олувчидан телефонни олиб қўйиш, билдиришнома расмийлаштириш ва уни телефон билан бирга таълим муассасасининг директорига ёки директор ўринбосарига, кейинчалик уни ота-оналарга бериш ҳуқуқига эга.

Демак, Сизнинг ўғлингиз таълим муассасасида мобил телефондан фойдаланиш тартибини бузган тақдирда, ўқитувчи унинг телефонини муассаса раҳбариятига ёки Сизга бериш шарти билан олиб қўйиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг