Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун маъқулланди

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун маъқулланди

Фото: «Senat.uz»

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Унда давлат харидларига оид асосий тушунчалар ҳамда давлат харидлари тизимининг ҳуқуқий жиҳатлари, асосий принциплари очиб берилган. 

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган сифатида белгиланиб, унга давлат харидлари бўйича қатор ваколатлар берилмоқда. 

Электрон дўкон орқали харид қилиш, электрон дўконнинг иш тартиби ва ундан фойдаланишга оид масалалар батафсил ёритилган.

Аукцион орқали харидларни амалга оширишнинг барча жараёнларини тартибга солувчи қоидалар акс этган. Давлат харидлари бўйича танлов ва тендерларни ўтказиш мезонларининг аниқ белгилаб қўйилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунда харид комиссиясининг фаолияти, танлов ва тендер ўтказиш учун эълонлар, уларда иштирок этиш учун таклифларни бериш, уларни кўриб чиқиш натижаси бўйича шартномаларни тузиш тартиби назарда тутилган.

Давлат харидларида мамлакатимиз тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар ва уларни қўллаш тартиби келтирилгани алоҳида эътиборга моликдир. Харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат ва жамоатчилик назорати, харидлар самарадорлигининг таҳлили орқали давлат харидларини мониторинг ва назорат қилишга аҳамият берилган. Шунингдек, харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назорати очиқлик ва шаффофлик принципларини рўёбга чиқариш орқали амалга оширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг