Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гўшт ва тухум нархи арзонлашадими? Паррандачилик соҳасига берилган янги имтиёзлар билан танишинг

Гўшт ва тухум нархи арзонлашадими? Паррандачилик соҳасига берилган янги имтиёзлар билан танишинг

Ўзбекистонда паррандачилик соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, ички бозорни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида тадбиркорларга мисли кўрилмаган молиявий имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Президентнинг 2026 йил 23 июлдаги ПҚ–274-сонли «Паррандачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳа тадбиркорлари учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

Қарорга мувофиқ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан «Микрокредитбанк» АТБга йўналтириладиган маблағлар ҳисобидан соҳа вакилларига йиллик 10 фоиз ставкада кредитлар ажратилади.

Ушбу имтиёзли маблағлар қуйидаги йўналишларга ажратилади:

  • Паррандачилик хўжаликларини кенгайтириш ва ривожлантиришга;
  • Омухта ем ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини молиялаштиришга;
  • «Тайёр бизнес» лойиҳаларини амалга оширишга.

Йиллик 10 фоизлик имтиёзли шартлар 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб фақатгина янги расмийлаштириладиган кредит шартномаларига нисбатан татбиқ этилади.

Ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқчи бўлган ёки соҳага янги кириб келаётган тадбиркорлар учун яна бир муҳим янгилик бор.

2026 йил 1 августдан эътиборан, паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш ҳамда «тайёр бизнес» лойиҳаларини (Президентнинг 2024 йил 27 июндаги ПҚ–238-сон қарорига мувофиқ) молиялаштириш учун қуйидаги қулай шартларда кредитлар ажратилади:

Кредит муддати: 10 йилгача;

Имтиёзли давр: 4 йил (бу даврда асосий қарз тўланмайди);

Йиллик ставка: 10 фоиз;

Молиялаштирувчи банк: «Микрокредитбанк» 

4 йиллик имтиёзли давр ва 10 йиллик узоқ муддатли арзон кредитлар паррандачилик хўжаликларига оёққа туриб олиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш имконини беради.

Омухта ем ишлаб чиқарувчиларнинг қўллаб-қувватланиши эса парранда озуқаси таннархини пасайтиришга, бу ўз навбатида бозорларда гўшт ва тухум нархлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг