Ўзбекистон маҳсулотлари Покистоннинг йирик савдо тармоғида сотилиши мумкин
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг йирик чакана савдо тармоқларидан бири — «Ал-Фатаҳ» компанияси бош директори Муҳаммад Анис билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қандолат маҳсулотлари, қуритилган мевалар, ёнғоқлар, янги мева-сабзавотлар, дуккакли экинлар, консерва, мураббо, томат пастаси, асал, ўсимлик ёғи ва қайта ишланган гўшт маҳсулотларини Покистон бозорига етказиб бериш масалалари кўриб чиқилди.
«Ал-Фатаҳ» раҳбарияти Ўзбекистонда етиштириладиган ва ишлаб чиқариладиган қуритилган мевалар, ёнғоқлар, қишлоқ хўжалиги ва қандолат маҳсулотларига қизиқиш билдирди. Шунингдек, миллий услубда тайёрланадиган керамика буюмлари ҳам Покистон бозорида талабгир бўлиши мумкинлиги таъкидланди.
Томонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган, экспорт салоҳиятига эга тайёр маҳсулотларни савдо тармоғига тўғридан-тўғри етказиб бериш имкониятларини ўрганишга келишиб олди. Шунингдек, Ўзбекистон корхоналарида қуритилган мевалар, ёнғоқлар, дуккакли маҳсулотлар ва бошқа озиқ-овқат товарларини «Ал-Фатаҳ» бренди остида қадоқлаш лойиҳасини амалга ошириш имконияти ҳам кўриб чиқилди.
Компания бош директори Муҳаммад Аниснинг таъкидлашича, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири Лаҳор, Исломобод ва келгусида Покистоннинг бошқа шаҳарларидаги йирик савдо нуқталарида «Made in Uzbekistan» махсус савдо бўлимларини ташкил этишдан иборат.
Дастлаб бир нечта маҳсулот турини қамраб олган пилот лойиҳани амалга ошириш, савдо натижалари ва истеъмолчилар талабини таҳлил қилиш асосида маҳсулотлар тури ҳамда савдо нуқталари сонини босқичма-босқич кенгайтириш таклиф этилди.
Учрашувда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ҳалол колбаса ва бошқа қайта ишланган гўшт маҳсулотларини Покистонга экспорт қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Импорт, санитария ва ҳалол сертификатлаш талабларига риоя этилган ҳолда, ушбу маҳсулотларни «Ал-Фатаҳ» тармоғида синов тариқасида сотиш имкониятларини ўрганиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Маълумот учун, 1941 йилда ташкил этилган «Ал-Фатаҳ» Покистоннинг йирик чакана савдо тармоқларидан бири ҳисобланади. Компания озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари маиший техника, косметика, ўйинчоқлар, саёҳат буюмлари ва бошқа истеъмол товарларини ҳам сотади.
Ҳозирда компаниянинг Покистоннинг йирик шаҳарларида 35 та савдо нуқтаси ва франчайзинг асосида фаолият юритувчи 11 та дўкони мавжуд.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter