Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда ишга туширилган янги иссиқлик электр станциялари ва уларнинг истиқболлари

Ўзбекистонда ишга туширилган янги иссиқлик электр станциялари ва уларнинг истиқболлари

Энергетика ислоҳоти ўтказилмаса, йирик лойиҳалар зарарини яна давлат тўлашга мажбур бўлади...

Сўнгги 4-5 йил ичида Ўзбекистонда электр энергиясига ортиб бораётган талабни қондириш, аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида янги иссиқлик электр станцияларини қуриш бўйича хорижий компаниялар билан жами 10 та битим имзоланди.

Ушбу битимларга асосан, 2027 йил якунига қадар Ўзбекистонда умумий қуввати 6 минг 457 мегаваттга тенг бўлган 10 та замонавий иссиқлик электр станцияси ишга туширилади.

Таъкидлаш лозимки, ушбу инвестиция лойиҳалари Германия, Франция, Нидерландия, Япония ва Туркия давлатларининг халқаро тажрибага эга бўлган компаниялари томонидан умумий қиймати 4,3 миллиард АҚШ долларига тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда.

Айтиш лозимки, соҳада тизимли олиб борилган ишлар натижасида 2022 йилда Ўзбекистоннинг 4 та вилоятида (Бухоро, Тошкент, Хоразм ва Сирдарё вилоятлари) умумий қуввати 1 минг 374 мегаватт бўлган 6 та янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон тарихида бир йилда мана шундай йирик ҳажмдаги янги иссиқлик электр станциялари ҳали ишга туширилмаган бўлиб, сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2022 йилда бу йўналишда тарихий рекорд ўрнатилган эди.

Бундан ташқари, хорижий компаниялар билан имзоланган битимларга асосан, 2027 йилга қадар Ўзбекистонда умумий қуввати 5 минг 83 мегаватт бўлган 4 та янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилиши режалаштирилган. Хусусан:

– 2023 йил якунига қадар Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут тумани ҳудудларида умумий қуввати 1 минг 500 мегаватт;

– 2025 йилда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида қуввати 450 мегаватт;

– 2026 йилда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қуввати 1 минг 573 мегаватт;

– 2026 йил якунига қадар Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида қуввати 1 минг 560 мегаватт бўлган янги иссиқлик электр станциялари ишга туширилади.

Буларнинг фаолияти йўлга қўйилиши эса ишлаб чиқариладиган электр энергияси миқдорини ошириб, унинг ҳатто мамлакатимиз энг олис қишлоқларига ҳам етиб боришини таъминлашга хизмат қилади.

Ҳар қандай инвестор албатта фойда олишни кўзлайди. Шу сабабли юқорида саналган йирик иқтисодий лойиҳалар энг аввало иқтисодий томондан ўзини оқлаши керак. Йўқса, зарар билан ишловчи ҳар қандай йирик лойиҳанинг умри узоқ бўлмайди.

Ўзбекистонда энергия нархи бозор нархидан бир неча баробар арзонлигини ҳисобга олсак, йирик энергетика лойиҳаларининг зарарини яна давлат кафолатлари остидаги субсидиялар орқали ёпишга тўғри келади. Бу эса аҳволни баттар ёмонлаштиради, келгуси лойиҳаларни тўхтатиб қўяди.

Шу сабабли энергетика тизими бозор қоидалари асосида ишламаса, ҳар қандай лойиҳа кўзланган самарани бермайди. Иқтисодиёт ривожланиши секинлашади. Шунинг учун энергетикада тарифларни қайта кўриб чиқиш масаласига, нархларни эркинлаштиришга ва бозорга яқинлаштиришга бугуноқ киришилиши керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг