Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Америка элчисининг Абдулла Қодирий уй-музейига ташрифи. Ўзбекча ўрганаётган Дэвид... ёхуд бизнинг амалдорлар қачон бу уй-музейга ташриф буюради?

Америка элчисининг Абдулла Қодирий уй-музейига ташрифи. Ўзбекча ўрганаётган Дэвид... ёхуд бизнинг амалдорлар қачон бу уй-музейга ташриф буюради?

Ўтган куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Жонатан Хеник рафиқаси ва бир неча мулозимлари билан Абдулла Қодирий уй-музейига ташриф буюрди.

Элчининг дарагини эшитиб, очиғи бироз ҳаяжонландик. Кимсан, ер юзидаги энг қудратли мамлакатнинг элчиси-я! АҚШ – дунё сиёсатининг маркази, молия, иқтисодиёт ва тараққиёт етакчиси бўлган сеҳрли диёр!

Юксак мартабали меҳмонни қандай кутиб оламиз?

«Ҳеч қандай алоҳида илтифотнинг ҳожати йўқ, – деди элчидан бироз аввал келган тилмоч қиз Раъно. – Аксинча, шанба-дам олиш куни бўлишига қарамасдан вақт ажратганингиз учун сизларга раҳмат! Фақат дона-дона қилиб, секинроқ гапирсангиз бўлди, элчи жаноблари ўзбекчани яхши тушунадилар...».

Таржимон Раъно тафаккури кенг, билимли қиз экан. Адабиёт, тарих, жадидлар ва қадриятларимиз ҳақида саволлар беради, суҳбат қўр ола бошлагач, «ана, худди шу гапларни жаноб элчига сўзлаб берсангиз, яхши бўларди», дея қўшиб қўяди.

Бироздан сўнг нақшинкор дарвозадан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Жонатан Хеник ва рафиқаси ширин талаффузда: «Ассалому алайкум!» дея кириб келишди.  

Хондамир Қодирий: «Ойбодоқ, сен заррин тўн ҳозирла! Меҳмонлар бошидан исириқ айлантир! Ҳасанали, сен Самарқанд дарвозага югур, ҳокимга хабар қил!» дейишга-да улгурмади...

Жаноб элчи ва унинг рафиқаси, худди қўқонаравада Марғилондан йўл босиб келган Мирзакарим қутидор ва Офтоб ойимга ўхшаб, биз билан ўзбекчасига сўраша кетишди.

Санъат, тарих ва техника каби соҳа музейларини шунчаки томоша қилса бўлар, аммо адиб уй-музейига ижод, тарих ва адабиётдан яхшигина хабардор одамлар боради! АҚШ элчиси жаноб Жонатан Хеник ана шундай кенг қамровли инсон экан. Суҳбатимиз адабиёт, жадидлар, тарих, элшунослик, қадриятлар, деҳқончилик ва боғдорчилик ҳақида кечди. Ҳатто қаердандир таралаётган мақом куйига бир зум қулоқ тутган элчи кутилмаганда... «Шашмақом» ҳақида сўз очиб қолди!

Жаноб элчи жуда синчков, қизиқувчан инсон экан. Қўқонарава, ўзбекнинг ички ва ташқи ҳовлиси ҳам унинг назаридан четда қолмади. Адибнинг кийимларига, рўзғорида фойдаланган, 150-200 йиллик хитойи чинниларга диққат билан разм солди. Буларнинг айримларини ўз даврида саркарда Ёқуббек додхо навкари бўлган Қодир бобо Қашқар ва Урумчи томонлардан келтирган бўлса, ажабмас.

Машъум 1937 йилнинг 31 декабрида катта чинни идишда норин қориб турган Қодирийни НКВД малъунлари олиб кетишади...

Ёзда салқин, қишда эса иссиқ бўладиган, зилзилага бардошли синчли уйлар ҳақида сўз очилди. Хондамир Қодирий том ва деворларга қамиш босилгани, қамиш ҳавони тозаловчи табиий фильтр эканлиги, ердаги бўйра эса зах ўтказмаслигини сўзлади. Тилмоч бироз тутилганди, «Америкада қамиш ўсмайдими?» дея дарров сўрадик. У: «ўсади, аммо Раънонинг луғатидан қамишни излаяпман», деб мутойиба қилди. Шу ондаёқ телефон луғатида «қамиш» таржимаси топила қолди. Тошкентнинг машҳур норин таоми ҳақида ҳам анча гапирилди.

Хоналарни иситиш масаласи билан қизиққан элчига шифобахш ва қадрдон сандал(танча)ни кўрсатдик. Меҳмонлар улуғ адибга ихлос юзасидан Қодирий ижодхонасидаги сандалда бирпас ўтиришди.

Айрим дипломатлар «салом, раҳмат, яхши» каби бир-икки сўзни ўрганиб олиб, буёғига тилмоч ёрдамида давом этаверишади. Булар эса... Эр-хотин ўзбекчада дона-дона гапиришяпти, Бирор сўзда қоқилса, тилмоч Раъно дарров ўнглайди. Элчихона ходимаси корейс қиз ҳам ўзбекчани бинойидек ўрганиб олибди. Дэвид исмли қорамағиз йигит, «мен ҳам ўзбекча ўрганаман», дея қўл қовуштириб турибди. Ота-онасига минг раҳмат. Афсуски, шу юртда туғилиб-улғайган, аммо ўзбек тилини ўрганишга «вақт топмаган» кимсалар оз эмас...

Америкалик меҳмонларнинг ўзбек адабиёти, тарихи ва қадриятларига оид кўплаб саволларидан, улар яхшигина тайёргарлик кўрганликлари сезилиб турарди.

Америка элчихонаси кичик шаҳарчага ўхшаш гавжум даргоҳ, жаноб элчининг юмушлари ҳам оз бўлмаса керак! Шунга қарамасдан, фурсат топиб, асосийси, эҳтиёж ва ихлос туфайли Абдулла Қодирий уй-музейига келибди. Хондамир Қодирийнинг айтишича, юртимиздаги элчихоналар ичида биринчи бўлиб АҚШ элчиси ташриф буюрибди!

Президентга минг раҳмат, буюк Абдулла Қодирий уй-музейини барпо этишда шахсан бош-қош бўлдилар.  Халқимизнинг кўп йиллик орзуси рўёбга чиқди. Музей дарҳол табаррук зиёратгоҳга айланди. Бирор кун йўқки, бу даргоҳга ҳамюртларимиз ва чет эллик меҳмонлар ташриф буюрмаса! Пойтахтдан ва олис вилоятлардан ўқитувчилар, талабалар, оддий одамлар келишади. Ҳатто урушдан қочиб, юртимизга келган русиялик ўрис болалар ҳам музейга бир неча марта келишди.

Аммо ўзимизнинг виқорли амалдорлар ҳануз бу жойга қадам босишмади. Уларга маънавият керак эмасми? Ҳозир Ўзбекистонда ўттизга яқин вазирлик, ундан кўп агентликлар, давлат қўмиталари, инспекциялар, муассасалар фаолият олиб бормоқда. Масъуллари жуда банд эрса майли, айрим ходимлари бирин-кетин келиб кўришдимикан?

Ўтган қишдаги «аномал» қаҳратонда газ ва электр ўчиб, иситиш қозонлари ёрилиб кетди. Кўп заҳматлар бўлди. Энергетика вазири музейни кўриш баҳонасида келиб, аҳвол сўрадими?

Албатта, гина қилиш ўринсиз. Улар балки ўз вазифаларини ўринлатиб бажариш асносида музейга, маънавиятга фурсат тополмаётгандирлар? Шу ўринда пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни миннатдорлик ила эсламасак, инсофдан бўлмас. У киши бир неча марта келиб, музейнинг кам-кўстларини суриштирган, «шест секунда» зарур ёрдамни уюштирган эди. «Мана бу хонани қаҳва ичиб, китоб ўқийдиган, фильм кўриладиган инновацион жой қиламиз», дея режаларини ўртоқлашгани эсимизда...

АҚШ элчиси билан узоқ ва мароқли суҳбат бўлди. Кетар олдидан атрофда ниманидир излагандек бўлиб, «Эҳсон қутиси»ни сўради. Хондамир ака, «қути йўқ, лекин Отабекнинг савдо карвонидаги сандиқлар кўп», деди кулиб. Сандиққа карам рангли хориж пуллари тушмадику-я, лекин жаноб элчининг эҳсон ҳақидаги тушунчасидан ҳайратландик. Қойил.

АҚШ қудратининг сири нимадан? Аввало, дунё халқларининг адабиёти, санъати ва маданиятига самимий қизиқиш, рағбат, миллий тилларга эътибор туфайли!

Ташриф якунида жаноб элчига яқинда инглиз тилида чоп этилган «Ўткан кунлар» китоби туҳфа қилинди. Элчи хурсанд бўлганидан ўзбекчалаб, «Буни ўқиб чиқишга сўз бераман», деди. Рафиқаси эса, «бу китобдан элчихона ходимларига ҳам оламиз, сўнгра савол-жавоб ўтказамиз!», деди.

Дипломатияда сўз масъулияти катта. Кейинги ташрифда элчи ва ходимлари иштирокида китоб ҳақида суҳбат ўтказиш ваъдасини олиб хайрлашдик.

                                                              Бахтиёр Ҳайдаров, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг